29 June 2016
01:04 - Туркия-Исроил алоқаларининг тикланиши нимадан иборат?
Аввалги хабарларимиздан маълумки, 2010 йили асосан турклардан иборат бўлган ва ўзини “ҳуқуқ ҳимоячиси” деб атаган исломчилар гуруҳи Исроил тарафидан Ғазо атрофида яратилган баррикадани Ўртаер денгизи тарафидан бузишга ҳаракат қилган пайтда, Исроил ҳарбийлари тарафидан 9 турк ўлдирилгандан кейин, Туркия Исроил билан расман бўлмаса ҳам, феълан дипломатик алоқаларини узганди. Бир неча йил аввал Исроил Бош вазири тўғридан-тўғри бўлмаса ҳам, сўз ўйинлари билан 9 нафар туркнинг ўлдириши бўйича кечирим сўргандек ҳам бўлган эди.

Йиллар бўйи давом этган Туркия-Исроил музокараларидан кейин, 2 кун аввал бу икки малакат бош вазирлари Бинали Йилдирим ва Бинямин Натаняху ўз мамлакатларида бир вақтда баёнот бериб, алоқалар тиклангани ва қайси шартлар остида тиклангани ҳақида ўз халқларига маълумот бердилар.

Туркиядаги энг катта “Миллиёт” газетаси Бинали Йилдиримнинг баёнотига асосланиб хабар беришича, Исроил ўлдирилган туркларнинг оилаларига ҳаммаси бўлиб 20 миллион долларлик тазминот (компенсация) тўлайди, Туркия Ғазога инсоний ёрдам жўнатишга бошлайди, 10 минг тонналик биринчи ёрдам июлнинг биринчи кунлари Туркиянинг Мерсин вилоятидан йўлга чиқади, икки мамлакат энг қисқа вақтда бир-бирларига элчиларини тайинлайдилар. Туркиядан келажакда Ғазога электр ва сув масаласида ёрдам бериш ҳам кўзда тутилади.

Газетада Натаняхунинг баёнотида нималар борлиги айтилмайди. Ҳар ҳолда икки бош вазир айни нарсаларни гапирган бўлсалар керак. Аммо, Натаняхунинг бир жумласи келтирилади: “Туркия билан келишувлардан кейин ҳам Ғазонинг блокадаси давом этаверади. ”

Туркларнинг асосий мақсади блокадани бузиш бўлганини ҳисобга олсак, улар ўз мақсадаларига этишолмаганлари ўз-ўзидан маълум.