28 June 2016
22:43 - Тошкентда Димабойга тегишли аквапарк ёниб кетди
Оммавий ахборот воситаларида фотолавҳалар билан биргаликда тарқалган маълумотларга кўра, ҳозирда интерполь қидирувида бўлган “Карвонбозор”нинг собиқ хўжайини Дмитрий Лимга тегишли Тошкентнинг Учтепа туманидаги аквапарк кеча ёниб кетган. Ёнғин алангаси бир неча метрга кўтарилган ва бир неча километр узоқликдан кўриниб турган. Аквапаркка атайлаб ўт қўйилгани ҳақида фаразлар бор.

Ёнғин чиққан объект 2009 йили жиноий гуруҳ тузганликда айбланиб, қидирувга берилган таниқли бой Дмитрий Лимдан давлат тасарруфига ўтказилган "Фозилтепа" спорт соғломлаштириш маркази бўлиб, ёнғинда унинг аксар қисми кул бўлган. Ёнғин расмийлар томонидан ҳам тасдиқланди, ёнғиндан зарар кўрган ҳудуд 800 квадрат метрга тенг.

Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланибди.

Эслатиш керакки, карис аслли Дмитрий Лим бир маҳаллар Ўзбекистоннинг энг катта бойларидан эди. У 2010 йили қамалиш хавфи остида мамлакатдан қочиб кетган ва Ўзбекистон тарфидан халқаро қидирувга берилганди.