28 June 2016
20:52 - Бош прокуратура “Ўзавтосаноат” ширкати раҳбари Улуғбек Рўзиқулов жавобгарликка тортилганини рад қилди, аммо вақти келади ва у қамалади

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси раёсати раиси Улуғбек Рўзиқуловнинг GM-Uzbekistan автозаводидаги коррупцион схемалар туфайли жавобгарликка тортилгани хусусидаги хабар Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан рад қилинди. Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, Бош вазир ўринбосарининг жиноий жавобгарликка тортилгани ҳамда унга нисбатан уй қамоғи шаклида эҳтиёт чораси белгилангани ҳақиқатга мувофиқ келмайди.

Прокуратура вакилларига кўра, Рўзиқулов жавобгарликка тортилгани ва уй қамоғида тутиб турилгани хусусида Интернет тармоғидаги айрим сайтлар томонидан тарқатилган маълумот “ҳақиқатга мувофиқ келмайди, ҳозирги пайтда Бош прокуратура ишловида Рўзиқуловга нисбатан қўзғатилган жиноят иши йўқ”.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида автозавод тафтиш қилингани ва завод раҳбарияти, шунингдек, соҳага масъул бош вазир ўринбосари коррупцион схемаларда айбланиб, жавобгарликка тортилгани хусусида хабарлар тарқалганди.

Шамол бўлмаса, дарахт барги қимирламайди, деганларидек, дейди мухбиримиз, GM-Uzbekistan автозаводидаги коррупцион схемалар қаердадир ўртага чиқиб қолгани рост бўлса керак. Прокуратура вакилларининг гапига ҳам ишониш қийин. Тахмин қилиш мумкинки, Улуғбек Рўзиқуловни жазога тортиш учун қандайдир ишлар бошланган ва улар кимнингдир, масалан, Ислом Каримнинг буйруғи билан тўхтатилган. Расмига қарганда, у ҳали ёш, вақти келади, барибир қамоққа ташланади. Чунки, Ўзбекистонда коррупцион схемалар ботқоғига ботмаган раҳбар йўқ.