26 June 2016
17:34 - Юсуф Жума. Ҳақоратми, ҳақиқат?!!!
Ўзбек аскияни унутса,
дўстона ҳазилларни эсдан чиқарса,
Сўзнинг латофатини англамай қолса
бу фалокатдир!
(Эркин Воҳид)


“Бобурнома”дан:
“Яна жами аҳли шеър ва аҳли таъби мулла биноийга тутдирди. Хуросон зурафосидин бу моддада бир қитъа машҳур бўлди:

Бо жуз Абдуллоҳи Кери хар имрўз
Нодида ҳеч шоир рўи зарро.
Биноий зар таъма дорад зи шоир
Магар хоҳад гирифтон Керри Харро.

Яъни:
Бугун эшак олати Абдуллоҳдан бошқа ҳеч шоир олтин бетин кўрмаган. Биноий шоирдан олтин таъма қилади, Бироқ улардан эшак олатини олади, халос”. (186 бет)

Мендан:
Миршабларга бағишлов

Миршаб мени ушлади,
Деди: хунук жамолинг.
Террорчига ўхшайсан,
Йўқми совуқ қуролинг?

– Мен шоирман, тўғри сўз
Қонимга томир тордир.
Совуқ қуролим йўқдир,
Иссиқ қуролим бордир!

Юсуф Жума шеърларида ҳақорат қилади дегувчи!
Ҳазилимда қитъадагидек олат сўзидай сўз борми?!

Йўқ! “Бобурнома”дагидай яланғоч айтилмаган. Қитъадан кўп карра юксак!

Авлиё шоир, ҳикмат пири Маҳтимқулидан:

Дурли деб ичганим қумли чиқибдир. . .
Эр деб ўйлаганим . . мли чиқибдир.

Мендан:
Шоҳим, синанг Юсуфни, қишлоқнинг боласини,
Кўринг Қоракўлимни, Бойкентдек қалъасини.
Меҳмонга қўй калласин едирмоқ бизда одат,
Мен Сизга едираман отимнинг калласини!

Ҳазилимда ҳикмат пири ишлатган сўздай сўз ишлатмаганман.

Улуғлар улуғи Маҳмуд Қошғарий муборак девонларидан:
. . . м – хотинлар аврати (ўғиз ва қипчоқларда) 1-том, 74 бет.

Сўз девонда тўлиқ ёзилган.

Мендан:

Подшомиз порани яхши кўради,
Эл ризқин чўнтакка уриб туради.
Кўзи оч – ҳаттоки сўрғич кўрсатсанг,
Сўрдир деб оғзини очиб туради.

Қани бунда “олат” сўзи?!
Қани бунда “. . м” сўзи?!

Улуғлар улуғи М. Қошғарийдан:
Чекик – чук, ёш болалар чуки. 2-том, 331 бет.


Мендан:
Тождорга дунёни додхона этай,
Элни еб битирмай мотхона этай.
Отимни ютолмас бўғзи йиртилар,
Оғзини отимга отхона этай! ! !

Қани қўпол сўз?!

Улуғлар улуғи Абу Райҳон Берунийдан:
“Моягидан эрлик уруғидан икки томчи тушди. . . ” 1-том, 128 бет

Беруний ҳазратли “маний” сўзини ҳам ишлатганлар.

Мендан:
Қадим замонларда жўшганда подшо,
Маддоҳи олдига тўктирган тилло.
Дер экан қасиданг айлади хушҳол
Олтиндан оғзингга сиққанича ол.

Эй бугунки маддоҳ, таъмагир, шўрлик,
Тождорга ҳамд битиб кўрасан хўрлик.
Шоҳ бўлсам қилардим кўнглингни хуррам,
Берардим оғзингга сиғмаганин ҳам.

Балки Ҳазрати Берунию Ҳазрати Бобурларни тан олмассиз?!

Муқаддас Қуръонни тан оларсиз?!
Заруратан Қуръони Каримда “сийдик”, “бесақол” каби сўзлар ҳам бор. Бу сўзлар учун “Қуръони Карим”ни ҳам рад этасизми?!

Оллоҳ чивин, балки ундан ҳам паст нарсалар мисолида забулмасал айтишдан уялмайди. Кофирлар эса “Бу масал билан Оллоҳ нима демоқчи ўзи?” дейдилар.
( 26 оят “Бақара”)


Мен ҳам заруратан қилични қиндан чиқараман. Ахир гўзалга севги изҳор қилаётганим йўқ. Ёғий билан курашяпман.

Дод деяётганлар:
1. Мустабид ва малайлари,
2. Ичи қора куйимса аҳли “ижод”.
3. Жоҳиллар

Демак: қиличим ичларини йиртаяпди, мамнунман!
Сизга ҳикмат керакми?!
“Тўмарис”ни, минглаб шеърларимни ўқинг!

Йўқ, Сизга бошқа нарса керак, у нарса тирноғим остида эмас, Сизнинг ичингизда. Йўқса бир имловий хато топсангиз байрам қиласизми: Соғиний эмас, Соғуний деб?!
“Подшонинг қизиники” деган шеърим эълон этилса, айрим “ижодкорлар” Навоий бундай ёзмаганку, дейишди. Навоий ёзганни ёзган шоир эмас, ҳеч ким битмаганни битган шоир.

Ривоят

Қадимда шарқ томонда
Битта кишвар бор экан.
Шоҳи маккор, қизи-чи
Унданда маккор экан.

Отаси тилка қилган
Эл кўксини тилибди.
Юртнинг ҳамма жойини
Ўзиники қилибди.

Гулзорлар кимникидир?
Подшонинг қизиники!
Бозорлар кимникидир?
Подшонинг қизиники!

Дарёлар қизиники,
Булоқлар қизиники.
Шаҳарлар қизиники,
Қишлоқлар қизиники.

Қўрғонлар қизиники,
Ёбонлар қизиники.
Саҳролар қизиники,
Уммонлар қизиники.

Камалак қизиники,
Барқ ҳам қизиникидир.
Тўралар қизиники,
Халқ ҳам қизиникидир.

Бутун юрт, бутун кишвар
На баҳор, на кузники.
Ҳамма кўрсин бепаён
Подшонинг қизиники!

Бу шеър 2003 йил 16 августда Тошкентда йўлда ёзилган ва ўша кун интернетда, кейинроқ "Озодлик" радиосида эълон этилган.

Ислом Каримов дарҳол интернетга кескин тўсиқлар қўйдирди. Интернетни тўсгунча ўзининг ва қизининг нафсига тўсиқ қўйса бутун оламга шарманда бўлиб ўтирмасди. Кинояда ҳам огоҳлантириш бор, ҳикмат бор.

Минг бир кеча – араб сафсаталари ва Декамеронларни ёстиғи остига қўйиб ухлайдиганларга шеърим малол келаяпдими?!

Мен Сизникидай ўғри эмасман. “Лабим тишлаб қонин ялайман ўзим,” - дейди Мирзо Ғолиб. Сиз жаноб кўчирмачи: “Қонин ялаб, лабим тишлайман,” - деб мантиқни бузиб кўчирибсиз. Аввал лаб тишланиб қон чиққач лаб яланади. Кўчирар экансиз тўғридан тўғри кўчираверинг.

Вилям Шекспир ҳақорат сўзларни ишлатади деб киборлар ўқимаган. Киборларнинг бари бе нишон. Шекспир эса мангу!

Бугун Юсуф Жума элни ҳақорат қилади деганлардан нишон ҳам қолмайди.

Ҳазрат Мир Алишер: “Менинг учун бошқа бир халқ ярат!”, деб элни ҳақорат қилганми?!

“Бизнинг халқни ер ютсин!” – деб Даҳо Абдулла Қодирий элни ҳақорат этганми?!
Эл учун ўлмадими?!

Қуллик ва ғарлик этишдан ор этмаганлар, бесақоллик этаётганлар қул ва ғар сўзидан ор қиладиларми?!

“Халқ ўлсин, халқсиз қолай” ўн йиллар бурун “Озодлик” радиосида эълон қилинган. Эл орасида қўл ёзмаси тарқатилиб ёд олганлар бўлган.

Эл, қора халқ тушундию, “аҳли ижод” – ичи қоралар тушунмайди. Бу шеърда миллат фожеаси ҳам, курашга чорлаш ҳам бор. Ҳаммаси ичида. Бир ўзи бугунки ўзбек адабиётидан баланд ва боқий.

Ҳақиқий шоир миллатнинг, инсониятнинг нодонлигига, қўрқоқлигига, орсизлигига, барча қусурларига қарши уруш эълон қилган шоирдир.

Асл шеърият – уруш!

Нокамтарлик дейсизми, бошқа дейсизми, ихтиёрингиз. Мен душман қаршисида турибман. Ғанимга мен қуролсизман деб қўрқоқлик қилинмайди. (Ўрта Осиё Президентлари биз ядросиз зона деб гердайганларидек. Кўҳна Туркистон – Ядросиз зона, Ядроли зона Россиянинг мустамлакаси). Қуролнинг кучини кўрсатиш лозим.

Ва ниҳоят:

Хоин Ислом Каримов АҚШга санксия бермоқчи. Бир депутат АҚШдан келаётган тарвуз, бодринг, қалампир ва бошқа маҳсулотлар ичида уруғ йўқлигидан, нотабиийлигидан жаврабди. Қорнинг очми, тўқми деб сўралса, Президентимиз билади дейдиганлар АҚШ ҳақида сўйлашга қандай журъат топди?!

Хўжайини Путиндан буйруқ олган малай Каримов АҚШ озиқ овқатларига чеклов қўймоқчи.

Кўнглингизни уқдим, депутат хоним,
Подшоҳ билан Сизга деҳқондир жоним.
АҚШда ерим бор, экканман тарвуз
Роса серуруғдир, тоза юз фоиз.

Шоҳингизга сийлов – арзийди ахир,
Бағоят серуруғ ширин қалампир.
Сиз ила тождорнинг руҳларига туғ,
Минг фоиз табиий сабзим – серуруғ.
(2016 йил, 17 июн)

Феъли торлик қарғишдир – айлайди бадном,
Мен уммонман, бағри кенглик – тангридан инъом.
Душманларим – балиқхўрлар – балиқчи қушлар,
Ейверсинлар, бўлмас асло балиғим тамом.
(2016йил, Май)

Мустабид бир замон урганида дўқ,
Йиртиқ иштонингиз бўлганида ҳўл.
Эй аҳли мунофиқ, бедил, беювуқ,
Ғарб томон олдингиз оёқ яланг йўл.

Битта иштонингиз бўлди икита,
Оғзингиз ош кўрди, тишингиз суяк.
Энди ёқмас бағри кенг Америка,
Оврўпа ёқмайди Сизларга бешак.

Ғарбнинг гўшти эмиш бемазза, латта,
Эмиш Америка гўштлари бетаъм.
Ўзбекистон гўшти керакмиш лахта,
Ғоят тотли эмиш бетимсол, бекам.

Менга ташландингиз нега дафъатан,
Энди англаб етдим, аҳли гўштпараст.
Яйрадингиз талқон суягим билан,
Иштаҳангиздан барингиз сармаст.

Ҳамиша Сиз учун байрамдир ошаш,
Тортинмай келинглар, тўйдиргин денглар.
Менда Ўзбекистон гўшти бор оташ,
Танимда Қоракўл гўшти бор енглар.
(3 июн, 2013 йилда ёзилган шеър)

14. 06. 2016