24 June 2016
01:47 - Ислом Каримнинг Владимир Путин билан бугун эрталабга режалаштирилган учрашуви меҳмоннинг истаги билан ярим кечасига яқин ўтказилибди
ЎзАнинг ҳозиргина тарқатилган хабарида Ислом Карим ва Владимир Путин учрашув ўтказганлари ва икки давлат муносабатларига доир кенг кўламли масалалар, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашганлари айтилади, холос. Одатдагидек, икки президентнинг биргаликдаги расми ҳам йўқ.

Русларнинг “Новости” агентлиги эса, Ислом Карим ва Владимир Путиннинг учрашуви бугун эрталабга режалаштирилгани, аммо Путинниннг истаги билан ШҲТ саммити иштирокчилари учун берилган концертдан кейин ўтказилгани айтилади. Бу ҳақдаги Ислом Каримнинг учрашув пайтида айтган қуйидаги сўзлари келтирилган: “Беш дақиқа аввал бу ер бўм-бўш эди, сизлар ҳамма нарсани тезда ташкил қилдингизлар. Бундай экан, ҳар қандай ишни қилоламиз”. У саммит мажлисида нималарни гапириш ҳақида Путин билан маслаҳатлашиб олиш нияти борлигини ҳам айтибди.

Хуллас, кўриниб турибдики, бечора Ислом Карим саммит ташкилотчиси бўлса ҳам, Путиннинг вассали/югурдагилигидан юқорига чиқолмабди.

Руслар ўз хабарларига Ислом Каримнинг шу йил апрель ойида Кремлда Путин билан учрашув пайтида олинган расмини илова қилибдилар. “Ҳаракат” агентлиги Илом Каримнинг расмдаги ғариб аҳволи устидан ўша учрашувга оид хабарларида кулган эди. Ҳозир ҳам, кулишдан бошқа иложимиз йўқ.

Ҳа, дарвоқе, Путин саммит қатнашчилари учун берилган концертни юсак баҳолабди ва саммит ҳақида шундай дебди: “Ҳеч шубҳасиз, Ҳиндистон ва Покистондек икки катта давлатнинг ШҲТ аъзолигига киришини расмийлаштириш бу ташкилотнинг тарихида қоладиган ишдир”.

Ҳеч шубҳасиз, бу учрашув пайтида Путин ўз вассалига саммитни қандай ўтказиш хусусида керакли топшириқлар берган.