23 June 2016
11:51 - Ўзбекистонда олий ўқув юртларига қабул бошланди
20 июндан Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига абитуриентлардан ҳужжат қабул қилина бошланди. Эълонга кўра, қабул комиссиялари 20 июлгача соат 9:00 дан 18:00 гача ҳужжат қабул қилади. Тест синовлари эса 1 август куни ўтказилади. Аммо ШҲТ саммити муносабати билан амалда ҳужжат қабул қилиш 5 кунга кечикади, яъни вилоятлардан келаётган абитурентлар шаҳарга киритилмаслиги боис шундай вазиятга юзага келмоқда.

Маҳаллий нашрларга кўра, 2016-17 ўқув йилида институт, универститетларга бакалавр йўналиши бўйича 57 907 нафар талаба қабул қилинади. Бу рақам кейинги бир неча йил давомида аҳоли сони ўсаётганига қарамай ўзгармасдан қолмоқда. Мамлакат бўйлаб, 476 мингдан ортиқ ўқувчи умумтаълим мактабини битирганини инобатга олсак, уларнинг ҳам 8 тадан биттаси олий маълумот олиш имконига эгадир, дейди мухбиримиз.