22 June 2016
20:19 - Туркияда ўзбекистонлик имомга суиқасдда айбланганлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди
2014 йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида отиб кетилган андижонлик 39 яшар имом Мирзағолиб Ҳамидовнинг (Абдуллоҳ Бухорий) қотили сифатида айбланган туркиялик Элдор Аслон ва ўзбекистонлик Собир Шукуровларга умрбод қамоқ жазоси берилди. Истанбулнинг Бақиркўй тумани жиноят ишлари суди қарийб 6 ой давом этган маҳкамани кеча, 21 июнь куни якунлади.

Бу ҳақда хабар қилган турк нашрларига кўра, 2014 йилнинг 10 декабрида Истанбулнинг Зайтунбурни мавзесида 39 яшар имом Мирзағолиб Ҳамидовни отиб ўлдиришда айбланган икки судланувчи - асли чеченистонлик Туркия фуқароси Элдор Аслон ва Ўзбекистон фуқароси Собир Шукуровларга "оғирлаштирилган умрбод қамоқ" жазоси берилди. Элдор Аслон қотилликни ижро этувчи, Шукур Собиров эса ташкил қилувчи сифатида айбдор, деб топилган.

Туркия қонунчилигига биноан оғирлаштирилган умрбод қамоқ жазоси 30 йиллик муддатга тенг. 10 йилдан ошиқ қамоқ жазоси берилган ҳукмлар автоматик тарзда 7 кундан сўнг Олий Суд томонидан кўриб чиқилади. Томонларга эса бу муддат ичида ҳукм устидан шикоят қилиш имкони берилган, деб ёзмоқда матбуот.