19 June 2016
10:24 - Аввал ўлимга, кейин бунинг устига умр бўйи қамоқ жазосига маҳкум қилинган “Мусулмон-қардошлар” фаоли, собиқ Миср президенти бечора Муҳаммад Мурси яна бир марта умр бўйи қамоқ жазоси олди

Маълумки, 2010 йилнинг охири ва 2011 йилнинг бошларида бошланган Араб баҳори номли жараёнлар натижасида Мисрнинг диктатор-президенти Ҳусни Муборак йиқитилгандан кейин ўтказилган биринчи етарлича демократик сайловларда “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатининг вакили Муҳаммад Мурси президент бўлиб сайланганди. Аммо, 1 йил ўтар-ўтмас, у Мисрни исломлаштириш йўналишида иш олиб боргани сабабли, ҳарбийлар тарафидан йиқитилди ва Ҳусни Муборак замонини эслатувчи сайловлар воситасида ҳарбийларнинг одами Абдул Фаттоҳ ас-Сиси янги президент бўлиб олди.

Шундан кейин исломчиларнинг “Мусулмон-қардошлар” ҳаракати раиси Муҳаммад Бадига, кейин Муҳаммад Мурсининг ўзига ҳам ўлим жазоси берилди. Бу ҳам етмади, шекилли, кейинчалик бу икки Муҳаммад умр бўйи қамоқ жазоси ҳам олди. Жазолардан биттаси Ҳусни Муборакни йиқитиш пайтида зўравонлик қилингани ва кўп одам ўлдирилгани учун бўлган бўлса, бошқаси мамлакатни исломлаштириш йўлида қилинган антиконституцияон ҳаракатлар учун бўлди.

Кеча Муҳаммад Мурсига учинчи жазо берилди. Уни президентлик пайтида давлатни кучсизлантириш мақсадида унинг сирларини Қатар истиҳборат ташкилотларига беришда айблаган суд унга яна бир марта умр бўйи қамоқ жазоси берди. У билан бирга ўша иш бўйича яна 10 киши судланган экан. Улардан 6 тасига осиш йўли билан ўлим жазоси берилибди.

Бу ҳукм муносабати билан “Ҳаракат” агентлигининг аввалги фикрни қайтаришдан фойда бор. Мана 2015 йил 22 августдаги хабаримизда айтилган ўша фикр:

“Мусулмон-қардошлар” ҳаракати йўқ қилинса ҳам, ахир бир кун бошқаси ўртага чиқади. Чунки, Қуръоннинг хато тафсирига кўра, ҳар қандай давлат исломий бўлиши керакми, демак, айнан Қуръоннинг амрини бажо келтириш учун ўлимга ҳам тайёр бўлганлар ҳар доим бўлади.

Қуръон янгидан тафсир қилиниб, Ислом дунёвийлик/секуляризм приниципини қабул қилмагунча, яъни давлат исломий бўлиши кераклиги ҳақидаги хато иддаосидан воз кечмагунча, мусулмонлар беҳуда қурбон бериб, аммо ҳеч нарсага эришолмай қолаверадилар. Чунки телефон - алоқа воситаси, автомобиль - транспорт воситаси бўлгани каби, давлат - жамиятни бошқариш воситасидр. Бу воситалар принцип ўлароқ исломий бўлолмайди.”

Расмда – суд пайтида қафас ичида ўтирган Муҳаммад Мурси.