18 June 2016
16:21 - Америкаликлар яратган замонавий фазовий станциядан космонавт/астронавтлар русларнинг ибтидоий капсулида Ерга қайтдилар
Аслида америкаликлар тарафидан яратилган, аммо Халқаро Фазовий Станция мақоми берилган станцияда сўнги ойларда бирга яшаган ва иш олиб борган 6 космонавт/астронавтдан уч нафари бир оз аввал русларнинг “Союз ТМА-19М” кемасининг капсулида (қутисида, десак ҳам бўларверади) Қозоғистоннинг Жезқозғон шаҳридан 147 км узоқликда ерга қўндилар. Булар – Россия космонавти Юрий Маленченко, АҚШ астронавти Тимоти Копра ва Европа Фазовий Агентлигини биринчи англиялик астронавти Тимоти Пик.

Халқаро Станцияда икки рус космонавти ва бир америкалик астронавт қолди - Алексей Овчинин, Олег Скрипочка ва Жеффри Уилямс.

Қаранг, одамзод Халқаро Фазовий Станция яратиб, турли давлат вакиллари у ерда бирга ишласлар ҳам, уларни ҳалигача ҳар ким ўз анъанасига кўра “космонавт” ёки “астронавт” деб атайди.

Бундан ҳам қизиғи, учоқ каби ерга қўнадиган шатлл-кемалар яратган америкаликлар ҳозир русларнинг ибтидоий, парашют билан катта чўлнинг тўғри келган жойига тушириладиган “Союз” кемаларининг капсулидан фойдаланишни давом эттирмоқдалар. Аввалги авлод шатлл-кемалар ишдан чиққандан кейин (2009-2010 йиллари), америкаликлар бир неча йил ичида янги авлод шатлл-кемаларини ишлаб чиқармоқчи эдилар. Аммо, ҳалигача натижа йўқ.

На илож, “борига барака” деймиз ва уч астронавт/космонавтни омон-эсон ерга қўниши билан табриклаймиз.