18 June 2016
02:02 - Россия ҳамма тарафдан босим остида қолмоқда, ҳатто спортда ҳам, руслар КГБ усулли бошқарувдан қутилишлари керак, ўзбеклар ҳам
Кеча Европа Иттифоқининг олий сиёсий органи – бу Иттифоққа кирувчи давлатларнинг раҳбарлари ва бош вазирларидан иборат Европа Кенгаши - Қримга қарши Қрим Россия тарафидан босиб олингандан кейин киритилган санкцияларни 2017 йилнинг июнь ойигача давом эттирилиши ҳақида қарор қабул қилди. Шу кунларда Россияга қарши киритилган санкциялар муддати ҳам камида бир йилга узайтирилиши кутилмоқда. Ҳеч шубҳа йўқки, айнан шундай бўлади.

Санкт-Петербургда бўлаётган Халқаро Иқтисодий Форумда кеча нутқ сўзлаган Владимир Путин ўз мамлакати Ғарбнинг санкицияларга қарамасдан бироз ўсишга бошлаётганини гапирди. Аммо, қандайдир 1 фоиздан ҳам кам ўсиш кутилаётгани ҳақида гапиришнинг ўзи кулгили эди. Аммо, Россия ҳукуматининг вазирлари, жумладан, ҳозир Путиннинг феълан бош маслаҳатчисига айланган Алексей Кудрин, жиддий иқтисодий, молиявий ва ҳатто сиёсий ислоҳотларсиз олға кетиб бўлмаслигини, жуда эҳтиётлик билан бўлса ҳам, шу Форумда яна қайтардилар.

“Ҳаракат”нинг фикрича, Ғарбнинг санкциялари давом этса, бу ислоҳотлар ҳам ёрдам беролмайди, чунки, 21 аср – глобаллашув асри, бу асрда дунёдан ажралиб қолиб, биринчи навбатда, Ғарбдан ажралиб қолиб, бунинг устига, унинг санкциялари остида яшаш мумкин эмас.

Россияга босимлар спорт соҳасида ҳам давом этаётгани диққатга сазовордир. Кеча Халқаро Енгил Атлетика Ассосиацияси Кенгашининг аъзолари Умумроссия Енгил Атлетика Федерациясини аъзоликдан чиқариш ҳақидаги қарорни бекор қилмаслик хусусида келишдилар. Эслатиб ўтамиз, бундай қарор ўтган йили ноябрь ойида россиялик енгил атлетикачилар оммавий равишда допинг олаётганлари исботлангандан кейин олинганди. Демак, Россия енгил атлетикачилари 27 июлда Рио-де-Жанейрода бошланадиган 30-чи Олимпиада Ўйинларида иштирок этолмайдилар. Бунақа нарса тарихда бўлмаган.

Аслида, дейди мухбиримиз, Россияга қарши атайлаб уюштирлаётгандек кўринаётган босимларни Ғарбнинг ўйинлари деб ҳисоблаш хато бўларди. КГБчи Владимир Путин ва унинг режими катта хатолар қилмоқда, Сталин замонининг усуллари билан 21 асрда Россиядек давлатни бошқарман деб ўйламоқда. Бу масалада Владимир Путин ва Ислом Карим бир турли сиёсий саводсиз сиёсатчилар, тўғрироғи, ибтидоий КГБчилар эканлигини тан олишдан бошқа йўл йўқ. Россия ва Ўзбекистон олға кетишни истасалар, бошларидаги КГБчилардан тезроқ қутилишлари керак.