16 June 2016
21:11 - Чинозда молия пирамидаси қурувчиси Аҳмадбой ҳибсга олинди
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 15 июнь куни соат 14 да ўтказилган рейдда мамлакатимиз ҳудудида молия пирамидаси ташкил этган, халқ орасида "Аҳмадбой" дея ном қозонган Аҳмад Турсунбоев ҳибсга олинди. У товламачилик, фирибгарлик, ғайриқонуний маблағларни легаллаштириш сингари айбловлар билан айбланмоқда. Аҳмадбой Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва», ва «Чиноз авто ҳамкор» корхоналари муассиси ҳисобланади.

У ва унинг ходимларидан иборат жиноий гуруҳ аҳолидан 1 йил ичида 100 фоиз устамаси билан қайтаришни ваъда қилган ҳолда ҳеч қандай кафолатсиз миллий ва хорижий валютада нақд пул маблағлари олган. Бундан ташқари, томонлар пул топширувчи вафот этган тақдирда, унинг пулини сўраб келувчилар бўлмаслигига келишишган. Турсунбоев олинган пулларни хорижий валюта кўринишида хориждан товар олиб келиш билан шуғулланувчи савдогарларга ойига 40 фоиз устама билан қайтариш шарти эвазига қарзга берган.

Бундай валюта операцияларида бир неча 10 минг киши иштирок этган. Турсунбоевнинг ҳисобчиси интервьюда кунлик айланма 3-4 миллиард сўмни ташкил қилгани ҳақида гапирди. У аввал пул топширганларга кейин топширилган пуллар ҳисобидан фоизлар тўлаб борилганини айтган.
Турсунбоевнинг ва унинг яқинлари уйларида, шунингдек, унга тегишли компаниялар офисларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 13,139 млрд сўм ҳамда 7,9 млн доллар нақд пул топилган. Вазият юзасидан жиноий иш қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда.

16 июнь куни воқеа жойида бўлган “Ҳаракат” мухбирига кўра, Аҳмадбойнинг ҳибсга олинганини эшитган юзлаб ҳамюртларимиз унинг уйи олдида тўпланишди. Эртага бу миқдорнинг бир неча мингга етиши кутилмоқда. Чунки, қарийб 10 минг нафардан ортиқ одам Аҳмадбойнинг пирамидасига ўз улушини қўшган экан. Демак, уларнинг катта қисми нима қилишни билмасдан Аҳмадбойнинг уйи олдига келиши муқаррардир.

Бошқа тарафдан, расмдаги шу ёшгина йигит Ўзбекистонда шундай пирамида қуролган бўлса, Ўзбекистоннинг ва уни бошқараётган тожиклар режимининг аҳволига қандай баҳо бериш керак? Тўғри, бир вақтлар, аниқроғи, 1989-1994 йиллари Россияда шунга ўхшаш ишларни Сергей Маврдий яратган МММ ширкати қилган эди. Аммо, у пайтда ҳаммаёқ ҳароб аҳволда эди, ит эгасини танимасди. Мустақиллигининг 25 йиллигини нишонлашга тайёрланаётган Ўзбекистонда аҳвол ҳали ҳам ўшандайми?