15 June 2016
02:32 - Сурияда гўёки тинчлик, Сурия қўшинлари ИШИДнинг пойтхати Раккани босиб ололмадилар
4 июнда бутун дунё ахборот воситалари Сурия армияси ИШИДнинг пойтахти Раккага ғарбдан ҳужум бошлаганини билдирдилар. Сурияликларга Россия қўшинлари ёрдам бераётгани, айни замонда, Ракканинг шарқий қисмига курдларнинг армияси киришга бошлагани ҳам айтилди. Ахборот воситалари тез кунларда ИШИД мағлубиятга учрайдигандек кайфият яратиш билан машғул бўлдилар. “Ҳаракат” ҳам ўша кайфият таъсири остида қолди. Аммо, кейин Раккада нима бўлаётгани ҳақида хабарлар тўхтади.

Битта нарса аниқ, Сурия қўшинлари Россия ва курдларнинг ёрдами билан ҳам ИШИДни Раккадан сиқиб чиқаролмадилар. У ерда ҳеч нарса қилолмаётган АҚШ раҳбарлигидаги коалиция ташаббусни бутунлай Россия-Эрон-Сурия альянсига бериб бўлгани ҳам кўриниб турибди. Аммо, ҳозир у ерда нима бўлаётгани номаълум. Тахмин қилиш мумкинки, ҳеч нарса бўлмаяпти. Гўёки тинчлик.

Демак, тарафлар урушнинг кейинги босқичига тайёрланишмоқда. АҚШ Давлат Котиби Жон Керри сал кам ҳар куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефонда гаплашиб тургани ҳам АҚШ Яқин Шарқда Россиянинг асосий кучга айланганини тан олиб бўлганининг исботларидан биридир.

Расмда: ИШИД тарафидан навбатдаги кофирнинг боши кесилмоқда.