12 June 2016
19:27 - Даҳшат: АҚШдаги бир гей-клубга ҳужум қилган афғон 50 кишини ўлдирди, бундан кўп одам яраланган

АҚШнинг жанубида, Атлантик океани бўйидаги Флорида штатининг Орландо шаҳрида гей-гомосексуалларнинг тунги клубига бугун ярим кечаси, таҳминан соат 2 ларда, бир қуролли одамнинг ҳужум қилиши, гейларни гаровга олиши ва полиция уларни озод қилишга киришиши натижасида, у террористнинг ўзидан ташқари, 50 киши ҳалок бўлган, 53 киши яраланган.

29 ёшли террористнинг келиб чиқиши афғонистонлик, аммо ҳозир у АҚШ ватандоши эканлиги аниқланибди. Исми - Умар Сиддиқий Матин (расмда). Унинг қўлида тўппонча ва ярим автоматик милтиқ бўлгани айтилмоқда. 50 киши бу воқеаларнинг қайси босқичида ҳалок бўлгани ҳали тўлиқ аниқланмабди. Полицияга кўра, Умар Сиддиқий бу ҳужумни якка ўзи тайёрлаган ва кўринишидан жуда пухта тайёрлаган. Унинг бошқа террористик гуруҳлар, масалан, ИШИД билан алоқаси бор-йўқлиги текширилмоқда.

Умар Сиддиқий Матин Флориданинг бошқа бир шаҳрида қуролли қоровулчилик билан шуғулланадиган хусусий ширкатда ишлаётгани, гей-клубга ҳужум қилиш учун кирага автомобиль олиб Орландога келгани ҳам айтилмоқда.

Бу теракт, полиция уни айнан шундай деб айтмоқда, АҚШ тарихидаги энг кўп одам ҳалок бўлган террористик воқеа экан.

Воқеалар бошланиши билан АҚШ Президенти ҳам ундан хабардор қилинган. Барак Обама у террористни йўқ қилиш учун маҳаллий хавфсизлик кучлари билан бирга давлатнинг хавфсизик кучларини ҳам ишлатиш ҳақида таълимот берибди. Эрталабга яқин, АҚШ президентлигига номзодлар Ҳиллари Клинтон ва Доналд Трамп воқеани қораловчи умумий гаплардан иборат қисқа баёнотлар беришди.

Қайсидир бир халқнинг мақолида айтилгандек, қурол борми, у ахир бир кун ўқ отади. Ҳозир дунёда қурол кўп, кўп мамлакатларда оддий одамлар ҳам қонунлар доирасида қурол эгаси бўлоладилар. Демак, қуроллар у ер бу ерда отилаверади.

Ўн йилча аввал АҚШ университетларидан бирида бир талаба қандайдир сабаб билан 30 га яқин одамни ўлдиргандан кейин, қуролларни қаттиқроқ давлат назорати остига олиш кераклиги ҳақида кўп гапирилди. Аммо, ҳозир у воқеани ҳамма унутиб бўлди. Бугун Орландода юз берган воқеанинг ҳам оқибати айнан ўшанақа бўлади.

Тўғри, автоҳалокатларни камайтириш учун кўп ишлар қилинаётгани каби, кўплаб одамлар нобуд бўладиган қуролли ҳужумларни уюштиришни қийинлаштириш йўлида ишлар олиб борилавериши керак ва олиб борилаверади.