10 June 2016
01:21 - Барак Обама Демократик Партиянинг президентликка номзоди Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашини очиқлади
Маълумки, бундан 8 йил аввал айнан Барак Обама ва Ҳиллари Клинтон Демократик Партиянинг президентликка номзоди бўлиш учун курашгандилар ва ўшанда Барак Обама демократлар ичида ғолиб чиқиб, кейин президентлик сайловида ҳам ғалаба қозонган эди. Унинг биринчи президентлик пайтида Ҳиллари Клинтон унинг ҳукуматида Давлат Котиби вазифасида ишлаган.

Мана энди Ҳиллари Клинтон иккинчи марта демократларнинг президентликка номзоди бўлиш учун курашмоқда. 2 кун аввал АҚШдаги штатлардан бирида у праймеризда ғолиб чиқди ва шу билан Демократик Партиянинг президентликка номзод сайлайдиган қурултойида унинг тарафдори бўлган делегатларнинг сони умумий делегатлар сонининг ярмида ошди. Демак, у Демократик Партиянинг президентликка номзоди бўлиши аниқ.

Кеча Барак Обама Интернет орқали видео-баёнат тарқатди ва Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлашини биринчи марта очиқча эълон қилди. У АҚШ Президенти вазифасини бажариш осон иш эмаслигини айтар экан, “Ҳиллари бу ишни жуда яхши бажара олишини биламан, ундан яхшироқ биронта одам бор деб ҳисобламайман. Мен у билан биргаман” дейишгача борибди.

Барак Обама бу сайлов пойгасида ҳамма демократларни Ҳиллари Клинтон атрофида бирлашишга ҳам чақирган.

Ҳа, дейди мухбиримиз, Ҳиллар Клинтон демократларнинг номзоди сифатида республикачиларнинг номзоди Доналд Трамп билан шу йил 8 ноябрда бўладиган сайловда президент бўлиш учун курашиши аниқ бўлди, дейиш мумкин. Аммо у Доналд Трамп устидан ғалаба қозонолмайди. Қолаверса, Барак Обаманинг обрўси кун сайин тушиб бораётганини ҳисобга олсак, у Ҳиллари Клинтонни қўллаб-қувватлаши айнан Ҳиллари Клинтоннинг зарарига ишлаши мумкин.