08 June 2016
01:15 - Юсуф Жума: Эркин Воҳид яшайверади
То бор экан очунда ўзик*
Эркин Воҳид яшайверади.
То бор экан очунда ўзбек
Эркин Воҳид яшайверади.

Сайроқилар қўшиқларида,
Галдир**ларнинг ёшликларида,
Қалбларнинг қон тешикларида
Эркин Воҳид яшайверади.

Кечаларнинг оқ тонгларида,
Уфқларнинг ол рангларида,
Улуғ руҳларнинг жангларида
Эркин Воҳид яшайверади.

Куйимсани жондан тўйдириб,
Мустабиднинг гўрин куйдириб,
Юртни суйиб, юртни суйдириб,
Эркин Воҳид яшайверади.

Баҳорларнинг чеҳраларида,
Арслонлар наъраларида,
Туркистоннинг марраларида
Эркин Воҳид яшайверади.

Деҳқон кафтин яғирларида,
Шаҳидларнинг сағирларида,
Ғарибларнинг бағрларида
Эркин Воҳид яшайверади.

Гўзалларнинг асал тилида,
Отойининг гўзал тилида,
Навоийнинг ғазал тилида
Эркин Воҳид яшайверади.

Кўк Тангрининг ардоқларида,
Мангуликнинг учмоқларида,
Турон юртнинг тупроқларида
Эркин Воҳид яшайверади.

Буюк куйчи руҳига қасам,
Ўлди дея этганлар байрам,
Бўлур дорнинг сиртмоғида жам,
Эркин Воҳид яшайверади.

Эр Юсуфнинг қалам кучинда,
Ёғийлардан олар ўчинда,
Эл юраги, жони ичинда
Эркин Воҳид яшайверади.

05. 06. 2016

Ўзик* - севги.
Галдир** - мажнун.