01 June 2016
22:15 - Юсуф Жума: Энди ҳамма энг биринчи
Ичи маразлар севинчи,
Ичи қора, ол суюнчи.
Энг биринчи шоир ўлди,
Энди ҳамма энг биринчи.

Улуғ талашмади ўрин,
Ким билан талашсин лочин.
Ҳамма ҳангги, ҳамма чивин -
Энди ҳамма энг биринчи.

Қофияни бешлаб ташланг,
Шоҳ созини хушлаб яшанг.
Бир биринг тишлаб ошанг,
Энди ҳамма энг биринчи.

Дафтарингиз - ич бетингиз,
Ич қорангиз - бор сўзингиз,
Фисқу фасод мажлисингиз,
Энди ҳамма энг биринчи.

Элга аъза, Сизга маъза,
Сиз - энг биринчи нотоза,
Сиз - энг биринчи кўйимса,
Энди ҳамма энг биринчи.

Улуғ ўрни бўм бўш, Худо,
Дер Эркин Воҳиддай даҳо.
Юсуф Устозидан Жудо,
Энди ҳамма энг биринчи.

2016. 31 май.