31 May 2016
22:42 - Остонада Евросиё Иқтисодий Иттифоқи давлатлари раҳбарларининг йиғилиши бўлмоқда, хабарларда пичоққа илинадиган нарса йўқ

Бугун Остонада Евросиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕИИ) давлатлари раҳбарларининг Евросиё Олий Иқтисодий Кенгаши деб аталадиган йиғилиши бўлмоқда. Унда ЕИИга аъзо давлатларнинг президентлари Нурсултон Назарбой, Владимир Путин, Александр Лукашенко, Алмазбек Атамбаев ҳамда Серж Саргсян қатнашмоқдалар. Хабарларга кўра, аввал бу раҳбарларнинг ўзларигина йиғилиш ўтказишган, кейин кенгайтирилган йиғилиш бўлган.

Қозоқ ахборот воситалари асосан Нурсултон Назарбойнинг умумий шаклдаги гапларини такрорлаш билан оворалар. Табиий, у ҳозирги оғир иқтисодий даврда бу ташкилотга кирувчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўлларини қидириш кераклигини, ЕИИ Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк бўлиши муқаррарлигини ҳам гапирибди, аммо қандай конкрет қадамлар қилиниши тилга олинмаган.

Рус ахборот воситалари эса, Путин ЕИИда умумий ахборот майдони яратиш кераклигини гапиргани ва кейинги мажлисни шу йил декабрь ойида Москвада ўтказиш таклифи киритганини билдирдилар.

Йиғилиш қачон тамом бўлиши, қандай қарорлар олиниши ҳали маълум эмас.