31 May 2016
20:08 - Қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзамжон Фармоновнинг онаси вафот этди

Бугун, 31 май куни Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли, Жаслиқ лагерида жазо муддатини ўтаётган Аъзамжон Фармоновнинг онаси Раъно ая 70 ёшида узоқ кечган хасталикдан сўнг вафот этди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот хизматига кўра, Раъно аянинг вафоти муносабати билан жамият Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасига мурожаат қилиб, Аъзам Фармоновнинг онаси маъракаларида қатнашишига рухсат беришини сўраган ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Ижроия Кодекси талабларига мувофиқ, “Эзгулик” Аъзам Фармоновга кафил бўлишга тайёр эканлигини билдирган.

Афсуски, 10 йилдан буён Жаслиқ зонасида жазо муддатини ўтаётган Аъзамжон билан Раъно аянинг дийдори қиёматга қолди. Унинг яқинларига Аллоҳ сабр-тоқат берсин, аянинг охирати обод бўлсин!