30 May 2016
18:32 - Пахта чопиғига чиқмаганлар “ватан хоини”ми?
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти навбатдаги пресс-релизини ана шундай номлаган. Жамиятга Тошкент вилояти Бўка тумани Г. Азаматов жамоа хўжалигидаги 6-сонли умумтаълим мактаби директори Шамсиқамар Абдукаримова педагогика кенгашида: “Ким баҳорги дала ҳашарларидан бўйин товласа, ватан хоини!” дегани ҳақидаги мактуб келиб тушибди. Бу хусусдаги ўқитувчиларнинг шикоят хатида кунлик пахта чопиғига чиқмаётган мактаб ўқитувчиларининг сиқувга олинаётгани таъкидланади.

“Икки яшар эмизикли болам бор. У ҳафтанинг беш куни давомида болалар боғчасида бўлади, шу боисдан шу кунлари далага чиқяпман. Аммо шанба-якшанба кунлари боғча йўқ, боламга қарайдиган одам ҳам йўқ. Шу боисдан далага чиқа олмаяпман. Директоримиз Ш. Абдукаримова мени “Ватан хоини”га чиқариб, педагогик кенгашларда кун бермаяпти” дейди мактаб ўқитувчиси Д. Расулова “Эзгулик”ка.

Жамиятга кўра, Бўкадаги 6-сонли мазкур таълим муассасаси ўқитувчилари, шунингдек, ўз шикоятларида мактаб раҳбари томонидан бюджет маблағларининг талон-тарож қилиниши ҳамда директорнинг систематик равишда ходимлардан пора олиб келиши ҳақида ёзишган. Педагогларнинг таъкидича, туман маориф бўлими-ю, Халқ таълими вазирлиги қонунбузар директорнинг фаолиятига чек қўйишга шошилмаяпти.

“Мактабдаги носоғлом муҳит масаласида бир нарса дейиш қийин. Кўпчилиги аёллар бўлган жамоада турли-туман гаплар бўлиб туради. Аммо пахтага чиқариш, чопиқ масаласида ҳеч қачан Абдукаримовани айблаб бўлмайди. Туман ҳокимининг ўзи селектр мажлисларида аёл кишини педагогларнинг пахтага чиқмагани учун оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақоратлаганини эшитмагансиз-да” дебди мактаб ўқитувчиларидан бири ўз раҳбари хатти-ҳаракатларини оқлай туриб.

Кичик шикоятдан катта хулоса ясаган ҳуқуқ ҳимоячилари “Ўзбекистон ҳукумати халқаро минбарлардан туриб, мамлакатда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат шаклларига барҳам берилганини таъкидлашади. Шунингдек, бу борадаги халқаро қонунчилик ва конвенцияларга тўлиқ риоя этилаётганини иддао қилишади. Аммо жамиятимизга кунда, кунора келаётгани шикоят хатларида бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга сафарбар қилинаётганини таъкидлашмоқда” дейди.

Мазкур вазият юзасидан “Эзгулик” мамлакат Парламентининг инсон ҳуқуқлари бўйича тепса тебранмас вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевдан изоҳ сўраган. Аммо жамиятнинг жонкуярлиги қадрланмаслиги, фуқаро мурожаатига эътибор қаратилмаслигидан қўрқамиз, дейди мухбиримиз.