26 May 2016
20:02 - Феълан фавқулодда ҳолатда яшаётган Ўзбекистон Қозоғистон билан чегараларни бир томонлама ёпди
Қозоғистон Давлат чегара хизматига кўра, Ўзбекистон томони ўзаро чегарадаги ўтказиш пунктларини огоҳлантиришсиз ёпиб, бунга шу йилнинг 21 майидан бошлаб “Яллама” ўтказиш пунктида транспорт воситалари ва божхона текширувининг тўхтатилиши оқибатида юзага келган тирбандликни сабаб сифатида кўрсатган.

Қозоқ тарафи эса 21 май куни Тошкент вилоятидаги “Яллама” пункида 120 та автомобиль тирбандликка тушиб қолгани ва ҳозирга қадар уларнинг 40 тачаси тиқинда қолаётганини айтди. Бу машиналардан 30 таси Қозоғистонга ўтиш учун чегара очилишини кутмоқда¸ дейилади¸ Қозоғистон расмий баëнотида.

Қозоғистонликларнинг таъкидича¸ тирбандликка ўзбек божхоначиларининг чегарадан ўтаëтган ҳар бир шахс¸ товар ва автомобилни ниҳоятда узоқ вақт давомида текшириши сабаб бўлган.

Бу гапда жон бор: ШҲТ саммити олдидан тинчлигини йўқотган режим раҳбарияти Ўзбекистонда фавқулодда чораларни шунчалик кучайтирдики, нафақат чегара пунктлари, балки, бутун мамлакатда феълан фавқулодда ҳолат юзага келиб бўлди.

Бунинг энг ёрқин мисоли - 21 майда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган "Бирлик" Партияси Марказий Кенгаши мажлиснинг ўтказтирилмаганидир.