26 May 2016
03:42 - “Толибон”нинг янги раҳбари мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода “демократик” йўл билан сайланибди ёки тайинланибди

Reuters Агентлиги ўз исми очиқланишини истамаган “Толибон” раҳбариятидаги одамларига асосланиб хабар беришича, кеча 25 май куни толиблар ўта тезлик билан йиғилиш (шўро) ўтказиб, мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзодани ўтган шанба куни америкаликлар тарафидан ўлдирилган мулла Ахтар Мансур ўрнига амир қилиб тайинлашибди.

Ўтган йили мулла Ахтар Мансурни сайлаш пайтида шўро ичида бўлиниш бўлган ва бир қисм шўрочилар йиғилишни ташлаб кетган экан. Бу йил янги амирни тайинлашда бундай воқеалар бўлмапти, амирликка икки номзоднинг ўзи номзодликдан чекилибди. Улардан бири қандайдир машҳур Сирожиддин Ҳаққоний экан. Иккинчиси эса, Мулла Умарнинг ўғли мулла Муҳаммад Ёқуб бўлиб, ҳали тажрибаси етарсизлиги, ўз ҳали ёш бўлгани сабабли номзодликдан чекилибди ва мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзоданининг номзодини олға сурибди. Қаранг, Толибон ичида қандай демократия шаклланмоқда?

Аммо, вақти келади Мулла Умар ва мулла Ахтар Мансур каби расмдаги янги амир мулла Ҳайбатуллоҳ Охунзода ҳам ўлдирилади. Унинг амирлигида бир нарса ўзгаришини, толиблар 21-чи аср нималигини тушунишга бошлашаётганини кутишнинг ўзи ножиддийлик бўларди.