23 May 2016
18:13 - Туркия Бош вазири истеъфога кетди, Ражаб Эрдўғон янги ҳукумат қуришни ўз партиясининг янги раисига топширди. Ўзбекларга дарс бўлсин!

Ҳамма нарса кутилганидек бўлмоқда. Кеча Президент Эрдўғон расман бўлмаса ҳам феълан раҳбари бўлган ҳокимиятдаги исломчиларнинг Адолат ва Тараққиёт Партиясида расмий раис ўзгарди. Аввалги раис, айни пайтда Бош вазир ҳам бўлган Аҳмад Довудўғли Эрдўғоннинг талаби билан раисликдан кетди ва кеча партиянинг қурлтойида шу пайтгача парламент аъзоси ва айни замонда Tранспорт, денгизчилик ва хабарчилик вазири ҳам бўлган Бинали Йилдирим бир овоздан партия раиси этиб сайланди.

Қурултой битар-битмас, Аҳмад Довудўғли Президент Ражаб Эрдўғон билан учрашиб, Бош вазирлик лавозимидан ҳам кетиш ҳақидаги аризасини топширди. Табиий, истеъфо қабул қилинди.

Орадан ярим соат ҳам ўтмасдан, Ражаб Эрдўғон Бинали Йилдиримга янги ҳукумат қуриш вазифасини топширди. Бош вазир ва янги ҳукумат парламент тарафидан тасдиқлангунча, Аҳмад Довудўғли Бош вазир вазифасини бажариб туради.

Ҳокимиятдаги АТП ҳозирги парламентда оддий кўпчилик овозга эга. Демак, янги Бош вазир ва янги ҳукумат тезда, ҳеч қандай муаммосиз тасдиқланади.

Кейин кун тартибига Туркияни парламент давлатидан президент давлатига айлантириш келади. Бунинг учун парламентда оддий кўпчилик овозга эга бўлиш етарли эмас. Демак, мухолифатдагиларнинг бир қисмини бунга кўндириш ёки зўрлаш керак бўлади. Агар Эрдўғон буни қилолса, кун тартибига Туркияни исломий давлат деб эълон қилиш масаласи келади.

Бу мураккаб жараёнлар давомида қонли воқеалар юз бериши, ҳатто Туркия парчаланиб кетиши мумкин.

Воқеалар шу йўналишда ривожланиши мумкинлигини аввалдан башорат қилабилган улуғ Отатурк Туркияда чекланган демократик система яратган ва исломчиларнинг сиёсатга ҳамда армияга кела олиш йўлида тўсиқлар яратган эди. Кейинчалик, бундай нарсаларга ақли ҳам етмайдиган Ғарбнинг ҳам босими остида Туркия либераллашишга бошлади ва кўриб турганимиздек, ҳокимиятда исломчиларнинг роли ошиб, мамлакат ёмон маънода исломлашиш йўлидан кетмоқда.

Бу воқеалар ҳаммага, биринчи навбада, ўзбекларга, ўзбек демократик мухолифатига дарс бўлиши керак. Миср ҳарбийлари бу нарсаларни вақтида тушуниб етиб, “Мусулмон-қардошлар” ҳаракатини ўз вақтида тўхтатганларини ҳам тўғри баҳолаш лозим.

Расмда – янги бўладиган Бош вазир Бинали Йилдирим хотини билан чапда, собиқ Бош вазир Аҳмад Довудўғли хотини билан ўнгда.