23 May 2016
15:06 - Имомали Раҳмон шарманда бўлган кун: Унинг референдумига бор йўғи 92 фоиз сайловчи қатнашди, унинг таклифларига бор йўғи 95 фоиз одам “ҳа” деди
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўзини, бир ҳовуч аҳмоқни ҳисобга олмаса, бутун халқ тарафидан севиладиган улуғ лидер деб кўрсатиш билан овора. Бу йўналишда иш олиб боришда икки тожик лидер – Ислом Карим ва Имомали Раҳмон бир-бирларидан қолишмайдилар. Уларнинг бир-биридан фарқи - Ислом Карим бу йўналишдаги ишларини расмийлаштирмасдан ҳаётга жорий қилади, Имомлали Раҳмон уларни расмийлаштириб ҳам олади. Масалан, у Тожикистонда расман “Миллат лидери” унвони олган ва Тожикистоннинг умрбод президентидир.

Кеча Тожикистонда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича умумхалқ референдум ўтказилди. Жуда муҳим бўлмаган ўзгартиришларни референдумсиз қўғирчоқ парламентда ҳам қонунлаштириш мумкин эди. Нимаага Имомали Раҳмон референдумни танлаганини тушуниб бўлмайди.

Мана ўша Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларнинг баъзилари: Ҳозиргача камида 35 ёшда бўлган одам Тожикистон президенти бўлоларди, энди 30 ҳам етарли бўлади. Парламентга сайланиш учун 25 ёшга тўлиш керак эди, энди 30 ёш лозим. Турли даражадаги судьялар қайси ёшдан бошлаб ишга тайинланиши ҳам Конститцияда белгиланади. Ирқий, миллий, ижтимоий ва диний душманликни пропаганда қилувчи, конституцион тузумни куч билан ўзгартиришга ва қуролли гуруҳлар тузишга чақирувчи жамоат ташкилотлари ва сиёсий партиялар тузиш тақиқланади.

Хуллас, кеча референдум ўтказилди. Марказий Сайлов Комиссиясининг бугун эълон қилинган, ҳали узул-кесил бўлмаган натижаларига кўра, референдумда бор-йўғи 92 фоиз сайловчи қанташибди ва, айтишга ҳам уят, бор-йўғи 95 фоиз сайловчи Конституцияга киритиладиган ўзгаришларни маъқуллабди.

Агарда расман миллий лидер деб тан олинмаса ҳам, аслида шундай деб ҳисобланаётган, расман умрбод президент бўлмаса ҳам, аслида шундай бўлган Ислом Карим Ўзбекистонда шунга ўхшаш референдум ўтказса эди, 100 фоиз сайловчи унга қатнашарди, 100 фоиз одам Ислом Каримнинг таклифларини қўллаб-қувватлдарди.

Имомали Раҳмоннинг бир томчи бўлса ҳам инсоний ғурури қолган бўлса, референдумда миллий лидернингг таклифларини бор-йўғи 95 фоиз тожикистонлик қўллаб-қувватлаганини ўргангандан кейин, дарҳол истеъфога чиқиши керак. У қанақа миллий лидерки, аҳолинингбор-йўғи 95 фоизи тарафидан лидер сифатидан тан олинса.

Вақти келгани учун эслатиш керак, Ироқнинг диктатор-президенти Саддам Ҳусайин америкаликлар уни йиқитмасдан олдин ўтказган охирги президентлик сайловларида тўппа-тўғри 100 фоиз овоз олган, биронта одам ҳам унга қарши овоз бермаган эди. Мана, ҳақиқий миллий лидер қандай бўлиши керак!