22 May 2016
15:58 - Оддий воқеа: “Толибон”нинг навбатдаги лидери ўлдирилди, кейингиси ҳам шундай бўлади
Бир кун аввал америкаликлар дрон билан аниқ нуқтали ҳужум уюштириб, Афғонистон-Покистон чегараларига яқин жойда, аммо Покистоннинг Вазиристон номли вилоятида “Толибон”нинг жорийдаги лидери мулла Ахтар Мансурни катта эҳтимоллик билан ўлдирганларини билдиргандилар. Шундан кейин Покистондаги баъзи ахборот воситалари мулла Ахтар Мансур ўлдирилмагани ҳақида хабар қилдилар.

Аммо, бугун “Толибон”нинг ҳарбий кучлари қўмондони мулла Абдул Рауф АҚШ тарафидан уюштирилган авиаҳужум натижасида мулла Ахтар Мансур жума куни кечқурун ҳалок бўлганини The Associated Press мухбирига билдирибди. У мухбир қандай қилиб Абдул Рауф билан алоқа қилгани хабарда айтилмайди. Абдул Рауф билан Ахтар Мансур ўртасида алоқалар бузилгани, аммо яқинда тузалгани алоҳида урғуланади.

Қолаверса, “Толибон”нинг асосчиси Мулла Умар 2013 йилда ўлдирилгандан кейин унинг ўрнига ўтирган Мулла Ахтар Мансур ички низолар туфайли 2015 йилнинг охирида ўз сафдошлари тарафидан ўлдирилгани ҳақида хитойларнинг Синхуа агентлигига асосланиб, “Ҳаракат” Агентлиги ҳам 20015 йил 4 декабрда хабар берган эди. Кейин у хабар нотўғри бўлиб чиқди. Мана ярим йил ўтар ўтмас, у барибир ўлдирилибди.

Қизиғи шундаки, америкаликларнинг дрони ичида Мулла Ахтар Мансур бўлган автомоблини портлатиб йўқ қилган. Демак, толибонлар ичида АҚШга ишлайдиган жосуслар бор, айнан улар ўз лидерлари кетаётган автомобилнинг аниқ жойини америкаликларга билдирганлар.

Биз 20015 йил 4 декабрдаги хабарга берган қуйидаги таҳлилимиз ҳозир ҳам актуаллигини давом эттирмоқда.

Ҳамма биладиган ҳақиқат шундан иборатки, Толибоннинг мақсади - Афғонистонда исломий давлат яратиш. Давлат эса, биров истаётгани ёки истмаётгани учун эмас, принцип ўлароқ, диний бўлолмайди. Демак, Толибоннинг ўзи ҳам ўлимга маҳкум.

Ислом уламолари Ислом дунёси ичида қонли воқеларни, жумладан, ислом терроризмини тўхтатиш тарафдори бўлсалар, Ислом дини дунёвийлик-секуляризм прниципини тан олишини қонунлаштириш, керакли фатволар чиқариш устида ишлашлари лозим эди. Истамаётганларининг сабаби эса, ўзлари ҳам исломий давлатлар яратиш ва уларни Халифаликка бирлаштириш орзусида яшашларидир.

Ҳа, Ислом дини оддий эмас, инқилобий ислоҳотларга муҳтож. Аслида, ҳозир бўлаётган қонли воқеаларни ўша инқлобнинг босқичларидан бири деса ҳам бўлади. Ҳали яна кўп мусулмонларнинг қони оқади. Ислом уламоларининг ақли ишласа, улар мусулмонларнинг қонини оқтирмасликни, қолаверса, Ислом дунёсининг келажагини ўйласалар эди, ўша инқилобий исллоҳотларни тинч йўллар билан тезлаштиришга ҳаракат қилган бўлардилар. Уларнинг жим туришлари, ислом терроризмини номигагина қоралаш билан чекланишлари - дин олдидаги жиноятларидир. Жавоб бериш вақти ҳам келади.