17 May 2016
18:11 - Беш нафар россияликни ўлдирган ҳамюртимиз устидан маҳкама бошланди
Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг сайтида 5 нафар Россия фуқаросини ўлдирганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси Сирожиддин Шералиевнинг устидан маҳкама жараёнлари бошлангани ҳақидаги хабар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, Тула вилоят прокуратураси Сирожиддин Шералиевнинг айблов хулосасини суд муҳокамасига юборган.

Терговчиларга кўра, 2015 йилнинг 30 майига ўтар кечаси Туланинг Косая Гора қўрғонидаги хусусий уйлардан бирида икки аёл ва 3 нафар боланинг жасади топилган эди. Прокуратура маълумотларига кўра, жасадлар 10 ва 11 ёшдаги икки қиз, уларнинг 5 яшар укаси ҳамда болаларнинг 29 ёшли онаси ва 49 ёшли бувисига тегишли экани аниқланган. Ўлдирилган боланинг 7 яшар акаси ва аёллар билан бирга истиқомат қилувчи 37 ёшли киши шифохонага ётқизилганди. Сирожиддин Шералиев Россия ҳудудида ноқонуний истиқомат қилиб келган.