16 May 2016
07:45 - Қизиқ, шунақа нарса ҳам пайдо бўлибди: Истанбулда Дунё Инсонпарварлик Саммити бўлади, аммо у ҳеч нарсани ҳал қилолмайди
Бу Саммитининг сайтида айтилишича, 23-24 май кунлари Истанбулда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тарафидан Дунё Инсонпарварлик Саммитининг биринчиси ўтказилади. Унга 125 давлат вакиллари келиши кутилмоқда. Улардан 50 нафари давлат президентлари ёки бош вазирлари бўлади.

Саммит матбуот котибининг айтишича, 2-чи жаҳон урушидан кейин биринчи марта дунёда яна мудҳиш гуманитар катастрофа (инсоний фалокат) содир бўлмоқда. 125 миллион одам инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, аммо уларнинг 85 миллионига ёрдам берилмоқда, холос.

Ҳамма гап шундаки, дейди мухбиримиз, инсоний фалокат асосан мусулмон мамлакатларда бўлмоқда, булар – Покистон, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Яман, Ливия, Сомалия, Судан ва бошқалар. Бу мамлакатлардан миллионлаб мусулмонлар асосан Туркия орқали Европага етиб олиш ҳаракатидалар. Ҳозир Европа мамлакатлари эса, Туркияга катта пул бериб бўлса ҳам, Европага келаётган қочқинлар оқимини тўхтатиш ёки камайтириш ниятидалар.

Дунё Инсонпарварлик Саммитининг биринчиси Истанбулда ўтказилиши айнан шу сабабдандир. Туркия Президенти Ражаб Эрдўғоннинг бу Саммит Туркияда ўтказилиши билан мағрурланиши ножиддийликдир.

Европа бу қочқинлар оқимини тўхтатиш учун ҳаракатда эканлиги ҳам тушунарлидир, аммо Ислом дунёсининг ўзи бу ғариб аҳволдан чиқиш устида ўйламаётгани, бу аҳволга келишимизнинг сабаблари устида ишламаётгани, Ислом уламолари уламолик лавозимидан чўнтакларини пул билан тўлатиш учунгина фойдаланаётганлари кўрсатмоқдаки, Ислом дунёси яқин орада бу аҳволдан чиқолмайди.

Ваҳолангки, чиқишнинг ягона йўли – “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлат кўрсатаётган йўлдир. Яъни, Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, биринчи навбатда, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Ана ўшандагина давлатни бошқариш саводсиз диндорлардан демократик шароитда халқ тарафидан сайланадиган сиёсатчилар қўлига ўтади. Айнан демократик рақобат сиёсатчиларни халқ учун хизмат қилишга мажбур қилади.