14 May 2016
12:21 - “Ҳизбуллоҳ” лидерларидан бири Сурияда ўлдирилди: Сурияда ҳамма нарса аралаш-қуралашми? Йўқ, ҳамма нарса аниқ – ҳозирча Россия ғолиб, аммо кейин нима бўлади?

Маълумки, шу йил 11 мартда Араб Давлатлари Лигаси Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ташкилотини террорстик деб эълон қилган эди. Бу қарорга фақат Ироқ қарши чиққани тушунарли. Чунки, “Ҳизбуллоҳ” шиаларники, Ироқда эса ҳозир ҳокимият шиалар қўлида.

Аралаш-қуралаш хабарларга кўра, шу “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қўмондонларидан бири бири, 55 ёшли Мустафо Эмин Бадреддин Ливан-Сурия чегарасида ёки Сурия пойтахти Дамасқда гўёки Исроил ҳарбий учоқларининг ҳужуми натижасида ўлдирилди. Уни кечаёқ кўмиб бўлганга ўхшайдилар. Расмда минглаб ливанликлар унинг тобути атрофида кетаётганларини кўриш мумкин.

Маълумки, Дамасқ Сурия-Ливан чегарасидан минг километрча узоқда. Шундай экан, Мустафо Эмин Бадреддин қаерда ўлдирилгани ҳақида чалкаш хабарлар тарқатилаётганини тушуниб бўлмайди. Бунинг устига, Исроил ҳарбий учоқлари Дамасққача борибдиларку, ҳеч ким уни кўрмай қолибдими? Ахир у атрофда Россия авиацияси ҳоким-ку.

Исроил бу хабарлар ҳақида одатдагидек ҳеч нарса демади, АҚШ тарафи эса, ўз учоқларининг бу ўлимга алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Мустафо Эмин Бадреддин 1983 йили Ливан пойтахти Бейрут яқинида АҚШ денгиз пиёда қўшинлари базасига қарши уюштирилган ҳужумнинг раҳбарларидан бири бўлган экан. Ўша ҳужумда 241 америкалик аскар ўлдирилган. Демак, бош террористнинг ўлимига АҚШнинг алоқаси йўқлигини гапириш ножиддийлик бўларди.

Тўғри, ҳозир Исроил-АҚШ алоқалари Барак Обама туфайли бироз бузилган. Айни замонда, Исроил Бош вазири Натаняху яқиндагина Москвага бориб, Путин билан дўстона учрашув ўтказиб келди-ку. Яна баъзибир хабарларга кўра, Саудия қироли ўз дўсти бўлмаган Натаняхунинг сайлов кампанияси учун бир неча йил аввал яширинча 70 миллион доллар пул берган экан-ку.

Ўрисларнинг ахборот воситалари ўз дипломатик манбаларига асосланиб билдиришларича, Москва “Ҳезбуллоҳ”ни Сурияда Башар Асаднинг, яъни ўз дўстининг иттифоқчиси деб тан олади. Аммо, ҳозир Сурияда тинчлик келишуви бўйича музокараларга зарба бермаслик учун бу ўлим масаласига аралашишни истамайди. Куласизми, йиғлайсизми?

Шу кунларда Сурияда бўлаётган воқеалар ҳақида ўнлаб хабарлар тарқатилмоқда. Уларнинг асосийси – АҚШ ва Россия бошчилигида Сурияда тинчлик келишуви бўйича ўта муҳим ва ўта мураккаб музокаралар ўтказилаётгани. У ерда ҳам ҳамма нарса алғов-далғов ва арлаш-қуралашдек кўринмоқда.

Аслида, Сурия масaласида ҳамма нарса аниқ. Россия шиалар ҳукмронлиқ қилаётган Эрон, Сурия, Ливан ва ҳатто қисман Ироқ билан биргаликда Башар Асад тузумини нафақат сақлаб қолди, балки мустаҳкамлаб олди. АҚШ у ерда ҳозир Россининг этагини ушлаб кетмоқда. Яманда ҳам ҳокимият феълан шиалар қўлида эканлигини ҳисобга олсак, шу босқичда Яқин Шарқда шиаларнинг қўли баландда.

Аммо, сунний араб давлатлари ва Туркия бу янги вазиятни тан олмоқчи эмаслар. Демак, узоқроқ илгарига қарсак ва АҚШда ҳокимиятга Доналд Трамп келиши аниқлашиб бораётгани ҳамда Ғарбнинг санкциялари остида Россиянинг аҳволи чатоқлашиши муқаррар эканлигини ҳисобга олсак, Яқин Шарқда тинчлик бўлмаслиги аниқ.

Бироқ, бу нотинчликдан хурсанд бўладиган тараф ҳам йўқ. Чунки, бу ердаги нотинчлик бутун дунёга таъсир қилишини ҳамма тушунади. Демак, ҳамма нарса яна аралаш-қуралаш бўлади.

Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча аҳвол шундай бўлаверади.