13 May 2016
20:26 - Бугун Андижондаги қонли воқеаларнинг 11 йиллиги, у воқеалар тўла ўрганилиши, "Бирлик"дан ўрнак олиниши керак

Минг афсуски, мамлакатимизнинг мустақиллик йилларидаги энг қонли, яъни 2005 йил 13 май куни Андижонда юз берган қонли воқеалар ҳали ҳам тўла ўрганилгани йўқ. Бунинг йўлидаги асосий тўсиқ – мавжуд режимдир.

Аммо, бир нарса аниқ. Ўша кунги воқеаларга энг тўла ва тўғри баҳо берган ташкилот - “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясидир.

Бу партиянинг 15 май куни эълон қилинган баёноти тарихда қолиши аниқ. Айнан “Бирлик”, бошқалардан фарқли ўлароқ, бу воқеалар қуролланган акромийларнинг давлат муассасаларига қилган ҳужумларидан бошлангани, улар қораланиши кераклигини айтиб, мавжуд режим бундан фойдаланиб, тинч аҳолининг ҳам қонини тўкканини урғулаган ва уни ҳам қоралаган эди. Табиий, воқеанинг шу икки тарафи биргаликда ўрганилиши керак. Минг афсуски, мавжуд режим фақат акромийларнинг ҳужуми ҳақида гапирса, бошқалар, ҳатто баъзи Ғарб давлатлари ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар, Ўзбекистон режимининг қонхўрлигига урғу бериш билан оворалар.

“Бирлик” бу воқеаларнинг бир йиллиги муносабати билан эълон қилган баённотида ҳам узоқни кўра билиш санъатини кўрсатган ва Ғарбга бу воқеа сабабли Ўзбекистонни изоляция қилиш хато йўл бўлишини айтиб, Ўзбекистонни демократик дунёга интеграция қилиш – мамлакатимиз келажаги учун фойдали бўлишини урғулаган эди.

Тарихга айнан “Бирлик”нинг шу баёнотлари ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятнинг ўша воқеаларнинг моҳиятини ўрганиш учун олиб борган тадқиқотлари киради. У воқеаларнинг тўла тафсилотлари мавжуд режим ағдарилгандан кейин ўртага чиқади.