13 May 2016
18:38 - Автозаводимиз раҳбарлари жавобгарликка тортилмоқда, аммо коррупция ва порахўрлик камаймайди
Бир неча кун аввал мамлакатимизда автоуловларни йиғадиган ўзбек-америка қўшма корхонаси раҳбари Тоҳиржон Жалилов ҳамда бошқа бир қанча мулозимларнинг ҳибсга олингани ҳақида ёзгандик. Бугун прокуратура органларининг маълум қилишича, “GM-Uzbekistan” ЁАЖда таъминот тизими директор ўринбосари Равшан Искандаров сўнгги 4 йил давомида қарийб 667 минг АҚШ доллари ва 65 млн 121 минг сўмни талон тарож қилганликда айбланиб, ҳибсга олинибди.

Аввалроқ, автозавод иши юзасидан ана шу соҳага масъул бўлган Бош вазир ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг ҳисбга олингани ва жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар тарқалганди. Аммо бу гаплар ёлғон бўлиб чиқди. У коррупциябозлигини давом эттирмоқда.

Буни ишонч билан гапиришимизнинг сабаб шундаки, дейди мухбиримиз, коррупция ва порахўрликнинг ҳар қандай мамлакатдаги даражаси демократиянинг даражасига тескари пропорционалдир. Ўзбекистон демократия, эркинликлар ва ошкоралик бўйича дунёнинг энг ёмон мамлакатларидан бири. Демак, коррупция ва порахўрликда дунёнинг биринчилариданмиз.

Коррупция ва порахўрликни камайтириш учун демократиянинг ривожлантириш шарт. Бошқа йўл йўқ. Қама-қамадан фойда йўқ. Қамалганнинг ўрнига ўтирган янги одам коррупция ва порахўрликни давом эттираверади.