12 May 2016
09:46 - Эрдўғон: Бизни ИШИДни қўллаб-қувватлашда айблаш пасткашликдир, қочқинларга эса 20 млрд долларлик ёрдам бердик
Кеча Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон Истанбулда ўтказилаётган Балкан ўлкалари бош штаб қўмондонлари 10-чи Конференциясида сўзлаган нутқида қуйидаги икки нуқта диққатга сазовордир.

Биринчиси. Ражаб Эрдўғон ўз ҳукумати ИШИДни қўллаб-қувватлашда айблаётганларни пасткашликдан айблади. Мана унинг шу масала бўйича айтган гаплари: “ДАЕШ (ИШИДни арабча номининг қисқартмаси) билан курашаётган мамлакатлар ҳеч нарса қилмасдан, ҳатто истиҳборот йўли билан олинаётган информацияни биз билан бирга ишлатишдан қочиб, ҳамма ишни биздан кутишмоқда. Гўёки биз ДАЕШни қўллаб-қувватлаётганимиз ҳақида пасткашларча гап тарқатаётганлар ҳам бўлди. Аммо, бизга ёрдам бермадилар. Биз Ироқ ва Сурияда ДАЕШга бошқалардан 3 баравар кўп талофат етказдик. Бу ва бошқа террористик ташкилот ПЙДга (кудларнинг Суриядаги ҳарбий кучлари) Ғарбдан қайси давлатлар қурол бераётганини ҳам жуда яхши биламиз.

Иккинчиси. Туркия Бош вазири Европа Иттифоқини қочқинларга ёрдам масаласида ҳам қаттиқ танқид қилди. Мана унинг баъзибир гаплари: “ЕИ бизга қочқинлар билан шуғулланишимиз учун 3 млрд евро ваъда берди. Аммо, ҳалигача бирон кўзга кўринарли иш қилмади, ёрдам бермади. БМТдан 450 млн доллар ёрдам олдик. Биз ўзимиз суриялик қочқинлар учун шу кунгача 20 млрд доллар сарфладик.

Туркия русларнинг ҳарбий учоғини уруб туширмасдан аввал Ғарб билан алоқаларини фақат ёмонлаштириб, Путин билан оғиз-бурун ўпишиш йўлидан кетмоқда эди. Рус учоғи уриб туширилгандан кейин Россия билан алоқалар ўта ёмонлашиб, Ғарб билан алоқалар тикланишга бошлаганди.

Аммо, Эрдўғоннинг кечаги нутқи ҳам кўрсатмоқдаки, Туркия яна Ғарб билан алоқаларни ёмонлаштириш йўлига тушмоқда. У Ғарб ИШИДга қарши ҳеч нарса қилмаётганини айтганда, Ғарб пиёда қўшинларини Сурия ва Ироққа олиб кирмаётганини назарда тутаётгани ҳам ўз-ўзидан маълум.