09 May 2016
07:35 - Ҳозир оғир аҳволда бўлган туркларнинг миллатчилар партияси ўзини тиклай оладими?
Аввалги хабарларимиздан маълумки, Туркияда ўтган йили 1 ноябрда ўтказилган навбатдан ташқари парламент сайловларида Миллиётчи Ҳаракат Партияси 10 фоизли тўсиқдан зўрға ўтиб Туркия Буюк Миллат Мажлисига киролганидан кейин, партия ичида ички кураш оловланди. Партия раиси Давлат Боғчалига мухолиф бўлган партия аъзолари партия Уставининг ҳамма талабларини бажариб ва керакли ҳужжатларни тайёрлаб, навбатдан ташқари қурултой чақириш талабини ўртага қўйдилар. Аммо, Давлат Боғчали бу талабни рад этди.

Шундан кейин талабгорлар судга мурожаат қилган эканлар. Шу йил 8 апрелда Анқара суди уларнинг талабини тўғри деб топди ва Миллиётчи Ҳаракат Партиясининг навбатдан ташқари қурултойини тайёрлайдиган 3 кишилиб Ташкилий Гуруҳни ҳам тасдиқлади. Аммо, юқори инстанция суди бу қарорни бекор қилди, ундан кейингиси эса яна тескари қарор олди. Хуллас, ҳозир бу партиянинг ичидаги мухолиф гуруҳ навбатдан ташқари қурултой ўтказиш учун ишларни бошлаб юборди.

Бу гуруҳнинг раҳбари - Туркия парламентининг собиқ депутати, 1996-1997 йиллари қисқа вақт Ички ишлар вазири ҳам бўлган, бир вақтлар “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат билан ҳам кўришган 60 ёшли Мерал Оқшенер (Meral Akşener).

У ҳозир турли учрашувлар ўтказиб, Миллиётчи Ҳаракат Партиясини бутунлай янгилаш режаларини гапирар экан, биринчи парламент сайловларидаёқ бу партия 25 фоиз овоз олишига ишонишини айтмоқда ва тез орада Туркиянинг Бош вазири, парламент раиси ва президенти ўз партиясининг вакили бўлишига ваъда бермоқда.

Яқин келажакда бундай бўлишини кутиш ҳам мумкин эмас, дейди мухбиримиз. Аммо, бир вақтлар миллатчилиги, туркчилиги ва турончилиги билан танилган бу партия сўнги йилларнинг чақириқларига тўғри жавоб беролмагани туфайли жуда оғир аҳволга тушгани ҳақиқатдир. Оғир аҳволдан чиқиш учун қуруқ гаплар етарсиз. Бу масалада ўзбекларнинг “Яхши ният ярим мол” мақолига асосланиш керакми ёки “Холва деган билан оғиз чучимайди” мақолигами? Ҳали бу саволга жавоб бериш қийин.

Расмда - Мерал Оқшенер Афйон шаҳрида ўз тарафдорлари ичида. Улар бармоқлари билан бу партиянинг норосмий рамзи бўлган бўзқурт (кулранг бўри) ишоратини кўрсатмоқдалар.