17 April 2016
19:15 - Хабарчиликда ўзбекча масхарабозлик: Ўзбекистонда йилнинг биринчи уч ойлигида ЯИМ 7,5 фоизга ортибди, 49,2 минтта янги иш ўрни яратилибди, 167,4 минг киши ишга жойлашибди

15 апрелда ўтказилган Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида Ўзбекистонда жорийдаги йилнинг биринчи уч ойлигида Ялпи Ички Маҳсулот 7,5% ортгани айтилибди. Бу ҳақда давлатнинг миллий ахборот агентлиги хабар қилди. Аммо, хабарда Ялпи Ички Маҳсулотнинг абсолют миқдори қанчага тенг бўлгани айтилмаган.

Ўзбекистонда бундай масхарабозлик йиллардан бери давом этаётгани, Ислом Карим ва бошқа раҳбарлар оғзиларини тўлатиб биз ҳар йили ЯИМнинг ўсиши бўйича жаҳонда биринчилар қаторида эканлигимизни гапиришса ҳам, ЯИМнинг ҳажми қанча эканлигини айтишмаётганини “Бирлик” Партиясининг жарчиси бўлган “Ҳаракат” Агентлиги айтиб келарди.

Айнан “Ҳаракат” Агентлиги Жаҳон Банки каби муассасаларга асосланиб, Ўзбекистонда ЯИМ ривожланган мамлакатларни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан 4 баравар камлигини, Қозоғистон аҳолиси биздан 2 баравар камлигини ҳисобга олсак, киши бошига ЯИМ ҳажми бўйича қозоқлардан 8 баравар орқада эканлигимизни, демак, ўртача ойлик бўйича ҳам қозоқларлдан шунча орқадилигимизни, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишини, бу рақамларни эълон қилмаётган Ислом Карим режими ўз халқига нисбатан жиноят қилаётгани, вақти келиб бунга жавоб беришга тўғри келишини тўхтамасдан гапирмоқда.

Айнан “Ҳаракат”га жавобан, бу йил январь ойида ўтказилган Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида Ислом Карим бирнчи марта бизда ЯИМ 59 млрд доллар эканлигини айтишга мажбур бўлди. Аммо, на режимбоши Ислом Карим, на режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари бу рақамни бошқа давлатларники билан солиштирмадилар. Шу сабабли, бу рақамнинг ўзи оддий ўзбеклар учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас эди, унга ҳеч ким эътибор ҳам бермади.

Мана энди, бу йилнинг 3 ойлигида ЯИМ бизда 7,5 фоизга ортгани айтилмоқда. Ваҳолангки, АҚШдек давлатда ЯИМнинг ортиши 2-3 фоиз атрофида, Россия ва Қозоғистонда ЯИМ ўтган йилдан бери бироз тушишга ҳам бошлади. Шундай экан, нима учун Ислом Карим ва унинг ҳукуматидагилар жаҳонда ЯИМнинг ортиши бўйича ҳаммдан олдинда эканлигимизни ҳеч тилга олишмайди, бу билан мақтанишмайди?

Бунинг сабаби жуда ҳам оддий. Бизда ЯИМ ҳажми ҳаммадан кам бўлгани туфайли, унинг 7 ёки 8 фоизга ошиши билан мақтаниш - 1 сўм пули бор бўлган гадой яна 7 ёки 8 тийин топиб, бойлиги 7 ёки 8 фоизга ошгани билан мақтанишига ўхшаган нарса бўлиб қоларди.

Демак, Ислом Карим режими бундай аянчли аҳволдан чиқиш учун ҳеч нарса қилмасдан ёки қилолмасдан, халқни ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган рақамлар билан алдаб юришни, яъни махарабозликни давом эттирмоқчилар.

Ўзбекистонда халқни алдаш, хабарчликни масхарабозликка айлантириш ҳамма соҳаларда бор.

Мана бугун Меҳнат вазирлиги ҳайъатининг кеча ўтказилган мажлисига асосланиб хабар қилинишича, жорийдагии йилнинг биринчи уч ойлигида 49,2 минтта янги иш ўрни яратилибди, 167,4 минг киши иш билан таъминланибди. Бўлиши мумкин.

Аммо, Ўзбекистонда ўртача ойлик кулгили даражада оз, яъни бор-йўғи 90 доллар бўлган сабабли, миллионлаб ўзбекистонликлар ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояланмаган ҳолда Россия ва бошқа мамлакатларда мардикорлик қилиб, оилаларини тебратмоқдалар. Шундай экан, қандайдир 49,2 мингта янги иш ўрни яратилгани кулгилик-ку, ҳукумат шундай ишлар билан, режимнинг қўғирчоқ ахборот воситалари эса халққа ҳақиқий аҳволимизни кўрсатмасдан, бир тийинга қиммат рақамларни тарқатиш билан шуғулланишлари фақат масхарабозлик эмас, жиноятдир.