15 April 2016
22:35 - Бош прокуратура Пахтачида сохта ичимлик сотган тадбиркор жазоланганини хабар қилди, аммо катта ўғрилар билан иши йўқ
Мамлакатдаги ҳақиқий вазиятдан бехабар бўлган нормал замонавий одам Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тарқатилаётган хабарларга қараб, бу ўлкада майда-чуйда жиноятларгина содир этилар экан, деган хулосага келиши аниқ.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Самарқанд вилояти Пахтачи тумани “Султонобод” қишлоғида яшовчи бир киши Навоий шаҳрида қалбаки Coca-Cola ва Fanta ичимликларини сотгани ва қўлга тушиб жазолангани хусусида хабар қилди. Бу шахс пластик идишларда жами 180 дона Coca-Cola ва 18 дона Fanta ичимлигини 676 минг 800 сўмга пуллаётганда ушланибди.

Агар бу одамнинг сотган ичимлигидан кимнингдир саломатлигига хавф туғилиб, кимдир шифохонага тушса ёки у тонналаб сохта ичимликлар тайёрласа эди, бу хабарни муҳим деб ҳисоблаш мумкин эди.

Аммо бош прокуратура давлатга миллиардлаб зарар келтирган давлат амалдорлари, милиция бошлиқлари ва солиқбошилар ҳақида ҳеч хабар тарқатмайди. Яқингача бош прокуратурани бошқариб келган Рашит Қодиров ҳозир Европа борволиб, ўша ерда айшини сураётганига изоҳ бермайди.