07 April 2016
07:02 - Озорбайжон ва Арманистон 5 апрелда оташкес эълон қилдилар, аммо Нурсултон Назарбой тиниб-тинчимаяпти. Тинчликсевар Ислом Карим қани?

Бу икки мамлакат Россиянинг воситачилигида 5 апрель кундузи соат 12 дан ҳамма ҳарбий ҳаракатлар ва ўқ отишни тўхтатиш ҳақида келишдилар. Турклар бундай воқеани, яъни оташларни кесишни “оташкес” дейдилар. Ўзбеклар ҳам бу атамани қабул қилсалар ёмон бўлмасди.

Хуллас, оташкес эълон қилинди, охирги кунларда авжига чиққан жанглар тўхтади, аммо тарафлар бир-бирларини оташкесни майда-чуйда бузишда айбламоқдалар. Бунинг устига, Озорбайжон тарафи айтишича, арманилар Туркия ва Арманистон орасида жойлашган, аммо Озорбайжоннинг таркибида бўлган Нахичеван Автоном Республикасини ўққа тутишга бошлабдилар.

Туркия Президенти Ражаб Эрдўғон очиқдан-очиқ Озорбайжон тарафида эканлигини билдирувчи баёнот бериш билан бирга, Россия бу жанжалнинг иштирокчиси эканлигини урғулади. Аслида, у ҳақ. Россиянинг иштирокисиз арманилар Тоғли Қорабоғни босиб олишга журъат этмаган бўлардилар ва босиб ололмасдилар.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг бу муаммо билан шуғулланадиган Минск гуруҳи раисдошлари америкалик Жеймса Уорлик ва россиялик Игорь Попов Бокуга келдилар, Президент Илҳом Алиев, Озорбайжон ташқи ишлар вазири ҳамда Озорбайжон ҳарбий кучлари Бош қўмондони билан учрашдилар. Кейин улар Ереванга боришлари табиий.

Энг қизиғи, ҳар доимгидек, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой тиниб-тинчимаяпти. У кеча аввал Россия Президенти Владимир Путин, кейин Озорбайжон ва Арманистон президентлари билан телефонда гаплашиб, икки мамлакат ўртасидаги жанжални муҳокама қилибди. Унинг муҳокамаларидан нима фойда борлигини ўзи ҳам билмаса керак. Қозоқларнинг хабарларида айтилишча, Нурсултон Назарбой Илҳом Алиев ва Серж Саргсянга ҳалок бўлганлар борлиги туфайли таъзия билдирибди ва халқаро қоидаларга мос равишда тинчлик музокаралари олиб боришга чақирибди. Худди, буни озорбайжонлик ва арманистонлик ҳамкасблари билмайдигандек.

Ислом Каримдан садо чиқмаётгани ҳам ўта қизиқ. Ахир, айнан у ҳамма муаммоларни тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирардику. Балки, у Озорбайжон ёки Арманистон президени “Жаноб Каримов, аввал ўзингиз ҳеч бўлмаса ўзбек демократик мухолифати билан музокаралар ўтказиб кўриб ўрнак кўрсатинг, кейин бизнинг ишга бурнингизни тиқинг” дейишларидан қўрқмаяптимикан? Ҳар ҳолда, айнан шундай бўлса керак.