01 April 2016
20:36 - Сенсация: пенсионерларнинг пенсиясини кечиктирган банк мулозимлари жазоланадиган бўлибди. Аввал Ислом Каримни жазолаш керакмасми?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг хабар беришича, Фарғона вилоятида пенсионерларга пенсия пулларини вақтида бермаслик ҳолатлари учрабди (!). Фарғона вилояти прокурори ўринбосари Ўктамали Йўлчиевга кўра, “Ўзсаноатқурилишбанк” Фарғона минтақавий филиали 2279 нафар пенсионернинг 849 миллион сўм пенсия пулларини беришни пайсалга солиб келган. “Ҳамкорбанк” Фарғона филиали ҳам 3100 нафар пенсионернинг 1 миллиард 75 миллион сўмлик пенсиясини ўз вақтида бермаган.

Давлат пенсияларини кечиктириб тўлаган банк бошқарувчилари маъмурий жавобгарликка тортилган. Қизиғи, бу гап рост бўлса, мамлакатдаги 99 фоиз банк раҳбарлари жазоланиши лозим. Боиси ҳеч бир туман ёки шаҳар йўқки, маош ва пенсиялар эгаларига ўз вақтида берилса.

Маълумки, бизда ҳамма нарса режимбоши Ислом Каримнинг кўрсатмаси билан қилинади. Пенсионерларнинг пенсиясини кечиктирган банк мулозимларини жазолаш ғояси ҳам ундан чиққанига шубҳа йўқ. Аммо, бу – бир қарашдангина тўғри қадам. Аслида, ҳамма нарсанинг сабабчиси – Ўзбекистоннинг аҳволи ғариб эканлигида. Аҳвол яхши бўлса эди, пенсиялар ҳам ўз вақтида пенсионерларга етиб келган бўларди.

Ислом Карим аввал ўзи қилаётган ишларга ва уларнинг натижаларига баҳо беришни ўрганиши керак. Гап шундаки, Ўзбекистонда ўртача ойлик Қозоғистондан 8-10 баравар кам. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам ойлик олишади. Бу ҳолга тушишимизга Ислом Каримнинг ўзи айбдор. Унда ғурур деган нарсанинг уруғу бўлсайди, ўзини-ўзи осарди. Аммо, ғурур ҳам йўқ, ўзини осиш учун арқони ҳам.