01 April 2016
19:07 - Петербургда бир ўзбек аёли ўзини ёқмоқчи, иккинчиси чақалоғини сотмоқчи бўлди
Piter.tv телеканалининг хабарига кўра, Санкт-Петербургдаги "Южный полюс" савдо марказида устига бензин қуйиб, ўзини ёқмоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл қутқариб қолинибди. Ҳамюртимиз бўлган муштипар аёл савдо марказининг одамлар гавжум жойига бориб, устига бензин қуйган ва гугурт чақмоқчи бўлганда одамлар уни тўхтатиб қолган. Аёл эрининг доимий калтаклашлари боис ўзини ўлдирмоқчи эканини айтган.

Шунингдек, ўзининг туққан 6 ойлик боласини 800 минг рублга (11900 АҚШ доллари) пулламоқчи бўлган 33 яшар ҳамюртимиз ҳам ҳибсга олинди. Маълум бўлишича, аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, тергов-суриштирув жараёни бошланган. Ўзини ўлдирмоқчи бўлган аёлнинг эри ҳам сўроқ бермоқда.