30 March 2016
02:41 - АҚШда 4-чи Ядровий хавфсизлик саммити: Барак Обама Ражаб Эрдўғон билан учрашадими?

31март – 1 апрель кунлари Вашингтонда 4-чи Ядровий хавфсизлик саммити бўлади. Бу саммитларнинг 1-чиси 2010 йили Вашингтонда, 2-чиси 2012 йили Сеулда, 3-чиси 2014 йили Гаагада ўтказилган бўлиб, уларда тахминан 50 давлатнинг раҳбарлари ва бир қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишганди. Ҳозир ҳам шундай бўлиши шубҳасиз. Жуда кўп халқаро анжуманлар каби, бу саммит ҳам асосий мавзу бўйича жиддий масалаларни муҳокама қилгани, жиддий қарорлар қабул қилгани маълум эмас. “Бола баҳона – дийдор ғанимат” деганларидек, бу саммит доирасида турли мамлакатларнинг лидерлари ўзаро муносабатларига оид масалаларни гаплашиб олишарди.

Ғарб-Россия совуқ уруши авжига чиққан бир пайтда Вашингтондаги саммит муҳим аҳамиятга эга бўлиши керак эди. Аммо, Россия бу саммитда қатнашмаслигини аввалдан маълум қилди. Демак, саммитининг баҳоси кескин тушиб бўлди. Бунинг устига, келаси йилнинг бошида Барак Обаманинг президентлик муддати битади. Ҳокимиятга республикачилар келиши кутилар экан, Барак Обама билан кўришиб олиш истагидаги жаҳон лидерларининг сони ҳам катта эмас.

Вашингтондаги саммитга ядровий масалаларга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган Польша, Арманистон, Украина ва Туркия каби давлатларнинг президентлари ҳам таклиф қилинган. Бир маҳаллар СССР ичида асосий ядровий полигон бўлган Қозоғистоннинг президенти ҳам Вашингтондаги 4-чи Ядровий хавфсизлик саммитига чақирилгани табиийдир. Ўзбекистон президенти таклиф қилинган ёки қилинмаганлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ, аммо қилинмаган бўлса керак.

Биз учун қизиқ бўлгани - Турк Дунёсининг энг катта давлати бўлмиш Туркиянинг Президенти Ражаб Эрдўғон Барак Обама билан саммит доирасида учрашув ўтказиши ёки ўтказмаслигидир.

АҚШнинг энг обрўли оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига асосланиб, Ражаб Эрдўғон АҚШда совуқ кутиб олиниши, Барак Обама Ражаб Эрдўғоннинг учрашув таклифини рад этганини билдирган эдилар. Саммит кунлари АҚШнинг Мэриленд штатида Туркиянинг ёрдами билан қурилган мачитнинг очилиш маросими режалаштирилган бўлиб, Ражаб Эрдўғон Барак Обамани ҳам ўша маросмига таклиф қилибди, аммо рад жавоби олибди.

Турк ахборот воситалари Оқ Уйнинг қандайдир баёнотларига асосланиб, бу икки мамлакат президентлари расмий эмас, оёқ усти қисқа суҳбат ўтказишлари ҳақида хабар қилмоқдалар.

Обама Эрдўғон билан учрашишни истамаслигининг сабаблари маълум. Туркия НАТО аъзоси бўлишига қарамасдан, сўнги йилларда Ғарбдан кўра кўпроқ Россия билан оғиз-бурун ўпишмоқда эди. Ўтган йилининг охирида турклар рус ҳарбий учоғини Сурия-Эрон чегарасида уриб туширишгандан кейин, вазият тескари томонга ўзгаришга бошлади. Аммо, бу ўзгаришлар Ғарб учун ҳали ҳам етарсиз кўринмоқда.

Кўраётганингиз расм бу икки лидернинг аввалги учрашувларидан бирига оид.