29 March 2016
21:17 - Тошкентда Юрий Гагаринга бюст ўрнатилади, аввалги ҳайкали бировнинг эсида борми?

Инсоният тарихида илк бор коинотга парвоз қилган СССР космонавти Юрий Гагаринга бюст ўрнатилади. Инсониятнинг коинотга чиқишининг 55 йиллиги муносабати билан нишоналаётган санада Совет Иттифоқи қаҳрамони Юрий Гагаринга бронза бюсти Тошкент политехника музейи биносига 12 апрель куни қўйилади.

Бюстни ўрнатиш ташаббуси Россотрудничество жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Маданиятлар диалоги - Ягона дунё” халқаро хайрия ташкилоти томонидан кўтарилган.

Шу пайтга қадар Гагариннинг бюсти пойтахтнинг Чилонзор савдо маркази ҳудудида бўлган ва Совет Иттифоқи даврини эслатувчи бир қатор ҳайкаллар, жумладан, Иккинчи Жаҳон урушига оид ёдгорликларнинг бузиб ташланиши доирасида металломга чиқариб юборилган.

Эслатиб ўтиш керакки, Тошкентда 1970 йили ўша пайтдаги Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биноси қаршисидаги паркда Гагаринга бағишланган стелла ўрнатилган (расмда) ва паркка Гагарин номи берилган эди. 1979 йили бу стелла Гагариннинг ҳайкали билан алмаштирилди. Айнан шу ҳайкал кейинчалик Чиланзор туманига сургун қилинганди.

Нима бўлганда ҳам, Юрий Гагарин Ўзбекистон ҳам бир қисми бўлган СССРнинг ва умуман инсониятнинг биринчи космонавтидир. Тошкентда унинг бюсти ёки ҳайкали тикланиши яхши воқеа.