28 March 2016
20:21 - Россия парламенти Ўзбекистоннинг қарзидан кечиш ҳақидаги келишувни ратификация қилди, бу қанчалик муҳим?

Маҳаллий веб нашрларнинг суюнчинамо хабарига кўра, Россия Давлат Думаси Ўзбекистон ҳукумати билан ўзаро молиявий талаблар ва мажбуриятларни мувофиқлаштиришга оид келишувни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади. 2014 йилнинг 10 декабрь куни Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга сафари чоғида имзоланган мазкур келишувга кўра, Ўзбекистон Россиядан жами 889 миллион 300 минг доллар миқдорида қарздор эди ва ана шу қарздан Кремль лутфан воз кечди.

Маълумки, Кремль собиқ СССР Олмос фонди орқали Ўзбекистон Россиядан камида 1 миллиард доллар қарздор, деб даъво қилиб келарди. Эндиликда Путин-Каримнинг келишувига биноан ана шу қарзнинг 25 миллион долларигина қолган ва Ўзбекистон бу пулни Дума Ўзбекистон қарзларидан воз кечиш тўғрисидаги қонунни қабул қилганидан сўнг 30 кун ичида тўлаши шарт.

Ҳар тийин пул – пулдир. Руслар бир қарашда жуда катта кўринган қарзимиздан воз кечишаётгани ижобий воқеа. Аммо, унутмайликки, Россияда ишлайдиган ўзбек мардикорлари оилаларини боқиш учун сўнги йилларда Ўзбекистонга сал кам 6 млрд доллардан пул юборишарди. Тўғри, Россия иқтисоди Ғарбнинг санкциялари остида оқсашга бошлагани туфайли ўтган йили пул юбориш $2,5 миллиардга камайди. Ўзбекистонда иқтисоднинг асосий кўрсатгичларидан бири бўлган Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми эса, ўтган йили $59 миллиард доллар бўлди. Шундай экан, $1 миллиарддан ҳам оз бўлган қарзимиздан қутилишимиз катта воқеа эмас.

Яна унутмайликки, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган қўшнимиз Қозоғистонниннг Ялпи Ички Маҳсулоти $240 млрд, яъни биздан 4 баравар кўп. Демак, қозоқлар билан солиштирганда ўта қашшоқмиз. Ислом Карим режими бу қашшоқликдан чиқиш учун стратегик йўллар қидираётгани кўринаётгани йўқ. Россия қарзимиздан воз кечгани ҳам қашшоқликдан чиқишимиз йўлида муҳим фактор бўлолмайди.