22 March 2016
17:23 - Даҳшат: Париждаги терактнинг уюштирувчиси Салаҳ Абдесламни ушлаган Бельгиядан ИШИД ўзича қасд олди, Брюсселда бугунги терактларда 34 киши ҳалок бўлди
Бугун маҳаллий вақт билан эрталаб Бельгиянинг пойтахти, айни замонда, Европа Иттифоқининг маъмурий маркази бўлган Брюсселда бир неча терактлар бўлди, 34 киши ҳалок бўлди, ярадорларнинг сони 150 атрофида.

Авввал олдинма-кетин Брюссельдаги аэропортда иккита, бир оздан кейин метрода камида иккита портлаш бўлди. Охирги маълумотларга кўра 34 киши ҳалок бўлган, ярадорларнинг сони 150 га яқинлашиб қолган. Бу терактлар учун маъсулиятни ИШИД ўз бўйнига олди. Портлашларни жонли бомбалар уюштиригани тахмин қилинмоқда, аммо ҳали аниқ фактлар йўқ.

Ҳеч шубҳа йўқки, ИШИД ўтган йили 13 ноябрда 130 киши ҳалок бўлган Париждаги террористик ҳужумнинг ташкилотчиси Салаҳ Абдесламнинг 19 март куни Бельгияда қўлга олинишига бугунги терактлар билан жавоб берди. Яъни, қасд олди.

Табиий, бундай терактларни бир неча кунда тайёрлаб, амалга ошириб бўлмасди. Яна тахмин қилиш қийин эмаски, сўнги йилларда Европа мамлакатларига Осиё ва Африкадаги мамлакатлардан келаётган юз минглаб мусулмон қочқинлар ичига ИШИД ўз одамларни сиздириб бўлган ва улар ҳамма жойда турли терактларга тайёрланиш билан оворалар. Салаҳ Абдеслам ушлангандан кейин, ўша террорга тайёрланаётганларнинг Брюсселдаги гуруҳига ишни тезлаштириш ҳақида буйруқ берилган.

Қайсидир мақсад йўлида ҳеч қандай айби бўлмган одамларни тўғри келган жойда ўлдираверишдек жиноят билан шуғулланаётганлар охир-оқибатда ўзлари ҳам йўқ қилинадилар. Бундайларни Оллоҳ ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин эмас. Аммо, ҳақиқат шундан иборатки, ўлдирилган террористларнинг ўрнига бошқалари чиқаверди. Чунки, мусулмонлар Ислом динининг бугунгача қабул қилинган хато тушунчаларидан келиб чиқиб, ўзларини Оллоҳнинг курашчилари деб ҳисоблайдилар ва ўлсалар жаннатга тушишларига ишонадилар. Демак, бу хато тушунчалар тузатилмагунча, яъни Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказилмагунча, исломий терроризмни тўхтатиб бўлмайди, исломий терроризмни куч билан енгиб бўлмайди.

Ислом динида қилиниши керак бўлган фундаментал ислоҳотларнинг марказида Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олиши ётади. Ўз динини ўйлайдиган мусулмонлар дин орқасидан пул топишдан бошқа нарса билан иши бўлмай қолган Ислом уламоларини ўша ислоҳотлар устида ишлашга мажбур қилишлари керак. Акс ҳолда, ислоҳотларни Ғарб қилиб беради, бу эса, динниннг ўлимидир.