07 March 2016
21:22 - Ўғрини қароқчи урди: хориждан ноқонуний йўллар билан кирган автоуловлар мусодара қилинади
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди томонидан “Андижон инвест ҳамкори” фирмаси ва унга тааллуқли шахслар устидан қўзғатилган жиноят иши юзасидан ҳукм ўқилди. Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, “Андижон инвест ҳамкори” фирмаси раҳбари Улуғбек Усмонов ҳамда жиноий гуруҳ раҳбари Ҳ.Матисаев 10,6 йилга озодликдан маҳрум этилганлар. Гуруҳга алоқадор шахслар ҳам турли йилларга қамоқ жазоси билан сийланган.

Маълум бўлишча, Кореяда ишлаб чиқарилган 200 дан ортиқ “Ласетти”, “Такума” каби автомобиллар чегара ва божхонани четлаб ўтган ҳолда Ўзбекистонга олиб кирилган. Сўнг машиналар суд ҳукми билан мусодара этилиб, кимошди савдоларида сотилгани ҳақидаги сохта ҳужжатларга асосан машиналарга Навоий вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлимида давлат рақами олиниб, автоуловлар 9 миллиард 129 миллион сўмга пулланган.

Суд ғайриқонуний равишда мамлакат ҳудудига кирган автоуловларни жиноят қуроли сифатида давлат фойдасига умсодара қилди, уни мамлакатга заҳмат чекиб киритган фирибгарлар қамалиб кетди. Ўртада машиналарни сотиб олган харидорлар куйди. Қизиғи, уни ўтказишга кўмаклашиб юборган (ахир, автомобил пашша эмаски, чегаралардан учиб кирса - Ҳаракат) божхоначилар сувдан қуруқ чиқди, давлат мусодара қилинган автоуловларга эга бўлди.