26 February 2016
18:37 - Юсуф Жума: Имом Ҳасан хотирасига
2008 йилда мени қамаш учун суд ҳукм ўқиганда қишлоғимиз донишманди, сочлари соқоллари оппоқ Имом Ҳасан йиғлаб юборди. Ярим қишлоқ унинг авлоди. Бошқа кентларда, дейлик Тошкентда Ўзбекистон қаҳрамонлари шундай жасорат топа оладиларми?! Фарзандини от, овозлари чиқмайди. Иркит жонларини қўриқлаб ўлиб кетадилар.

Қоракўл бошқача кент.
Хирс бошқача қишлоқ...
Жасур Ўғизхон авлодининг сўнги қолдиғидай.

2007 йил мустабид Ислом Каримов армия ташлаб, Қоракўлдан мени қидиртирди, тополмади. Шунда погонли тўралардан бири: Қоракўлликларга қойил, уч тўрт оилани ҳисобга олмаса, ҳаммаси Юсуф Жума деб ўлимга тайёр, - деб юборган кўпчилик орасида. Тошкентга - сотқинхонага келдим бир соатда ушлаб беришди.

Имом Ҳасаннинг икки гапидан бири Махтумқули ҳикмати бўлса, бири Гўрўғлибек сўзи эди:

Отим ҳориб ўзим йиқилган чоғда
Ортимда ҳув деган шерларим бордир.

Имом Ҳасан билан охирги марта 2016 йилда янги йилда телефонда гаплашдим. "Сени кўрмай ўлаётганимга афсусланаман, армон бўлиб қолди," - деди. Ҳолбуки, ўзининг уч фарзанди Россияда эди. Бир ўғли Илҳом ўн саккизга етмай Россияда ўлдирилди.

Имом Ҳасандай улуғ зотлар оламдан ўтганда олам бўм-бўш бўлиб қолгандай туюлади.

Боқий дунёси Тангрининг нуридан бўлсин!!!

Отамдай азизларим
Менга интиқ ўтибди.
Қоракўл ер устидан
Ер остига кетибди.

Кўкдан баланд кўкларим
Ой кунлари битибди.
Осмонлар ер устидан
Ер остига кетибди.

Ер юзи юрагимдай
Ўчмас, ёниб ётибди.
Гўё Тангри ҳам кўкдан
Ер остига кетибди.

Яхшилар ёруғ дунё,
Узлат йўлин тутибди.
Ер юзи ер устидан
Ер остига кетибди.

Ёлғизлик -- қора ўрин,
Шўрим бўлиб чиқибди.
Ер ости ер юзига
Гўрим бўлим чиқибди.

24 феврал, 2016 йил.

Ҳатто қумусқалар ўз инида шод,
Қуртлар ҳам бахтиёр ўз кавагида.
Озод Ватан билан жон бўлар обод,
Озодлик етмайди қон юрагимга.
Туғилган юртимга бора олмасам,
Туғилган уйимга кира олмасам,
Мени озод деган нодон эмасми?!
Мени ҳаёт деган нодон эмасми?!

Отамнинг қабрига эголмасам бош,
Онамнинг қабрига тўколмасам ёш,
Ватаним осмони - дунём бўлмаса,
Ватаним замини - самом бўлмаса.
Мени озод деган тентак эмасми?!
Мени ҳаёт деган тентак эмасми?!

Жаннат бахш этса ҳам ул олий сарвар
Юртим йўқми, дўззах билан баробар.
Ёт ерларда тирик бўлсам ўликман,
Ўз еримда ўлик бўлсам тирикман.
Кавсаридан ичсам - заҳардир, заққум,
Ҳатто учмоқда ҳам бўлурман маҳкум.
Мени озод деган ақлдан озган,
Мени ҳаёт деган ақлдан озган.

4 феврал 2016 йил