26 February 2016
11:07 - АҚШда президентлик сайлов кампаниясининг “Супер сешанбаси” келмоқда
Аввалги хабарларимиздан маълумки, АҚШда бу йил 8 ноябрда бўладиган президент сайловларининг бошланғич босқичи бўлмоқда. Бу босқичда Демократик Партия ва Республикачилар Партияси ўз партияларининг президентликка номзодларини турли штатларда ўзларини номзод қилиб кўрсатганлар орасидан кокус ёки праймериз шаклидаги сайловлар орқали танлаб оладилар. Кокус ёки парймериз сайловларида кам овоз олган намзодликка номзодлар сайлов кампаниясидан чиқиб кетадилар.

Шу кунгача 4 та штатда бошланғич босқич сайловлари ўтказилди. Демократик Партияда иккитагина номзод қолди – Ўзбекистонда ҳам ҳамма биладиган Ҳиллари Клинтон ва кўпчиликка таниш бўлмаган Сенатор Берни Сандерс. Республикачиларда эса 5 номзод қолди. Уларнинг иккитасини келажакда ҳеч қандай шанси йўқ, ҳозирча ҳақиқий кураш олиб бораётган 3 номзод қуйидагилар – миллиардер бизнесмен Доналд Трамп ва Флорида ҳамда Техас штаталаридан сенатор бўлиб сайланган Марко Рубио ва Тед Круз. Қизиғи шундаки, Марко Рубио ва Тед Круз АҚШнинг 45 ва 46 ёшдаги испан тилли фуқароларидир.

Келаётган сешанба куни, яъни 1 мартда 13 штатда бошланғич босқич сайловлари бўлади. Айнан шу сабабдан 1 мартни АҚШда “Супер сешанба” деб аташмоқда ва катта қизиқиш билан кутишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сайловларнинг бошланғич босқичи натижаларига қараб, бу икки партия ёз ойларида бўладиган қурутойларида ўз партияларинг президентликка номзодини сайлайдилар ва айнан улар 8 ноябрдаги сайловларда иштирок этишади. Одатда сайловларда ҳеч ким билмайдиган бир нечта партиянинг номзодлари ҳам қатнашадилар. Аммо, уларни жиддий оммавий ахборот воситалари тилга ҳам олмайдилар.

Турли штатлардаги бошланғич босқич сайловларида икки партиянинг ёзда бўладиган қурултойлариага делегатлар сайланади. Бошланғич босқич сайловларида қатнашаётган номзодлар олган овоз фоизига мос равишда шу штатдан у ёки бу номзодни қўллаб-қувватлайдиган қурултой делегетлари сайланади.

Ҳозирча 4 та штатда ғалаба қозонган Доналд Трамп учун қурултойда овоз берадиганларнинг сони ҳам каттадир. Республикачиларнинг қурултойида ғалаба қозониб, бу партиянинг президентлдикка номзоди бўлиш учун ўзига овоз берадиган 1237 делегатга эга бўлиш керак. 4 та штатдаги бошланғич сайловлардан кейин қурултойда Доналд Трампга овоз берадиган 67 делегат сайланибди. Тед Крузга овоз берадиган 11, Марко Рубиога овоз берадиган 10 делегат сайланибди. Яъни, Доналд Трамп жуда олдинда.

“Супер сешанба” куни 13 штатдан Республикачилар Партияси қурултойининг 25 фоиз делегати сайланар экан. Шу сабабли бу кунни “супер” деб аташмоқда. Айнан ўша куни 8 ноябрда бўладиган сайловларда бу икки партиянинг қайси номзодлари қатнашиши катта эҳтимоллик билан белгиланса керак.