25 February 2016
17:16 - Россияда асл исми-шарифи Баҳром Ашрафхон бўлган янги элчимиз иш бошлади, у нима каромат кўрсатади?

Кеча Ўзбекистоннинг Россиядаги янги элчиси Баҳром Ашрафхонов иш бошлади. 47 яшар бу одам элчи лавозимига тайинлангунига қадар Ўзбекистон Молия вазирлигининг Ғазначилик бошқармасини бошқарган, айни пайтда Молия вазирининг ўринбосари ҳам ҳисобланган. У 1993 йилда Тошкент иқтисодиёт университетини тамомлаган ва 1994 йилда АҚШнинг Кентукки университетида қандайдир курсларда ҳам ўқиган.

Молиячининг Россиядаги элчиликдек муҳим рутбага тайинланишида нима ҳикмат яширинлигини билмадиг-у, аммо бу лавозимга Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги раҳбарларидан бирининг тайинланиши тўғрироқ бўларди, дейди мухбиримиз. Чунки мазкур вазирлик мутасаддилари бир неча ойдан бери Россия билан меҳнат муҳожирларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини легитимлаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Айнан “Бирлик” илгари сурган ғояларни ҳаётга жорий қилиш устида иш бошлаган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги раҳбарларидан бири Москвага элчи қилиб юборилса эди, ўзбеклар учун яхшироқ бўларди. Бундай элчи Москвада ҳам “Бирлик”нинг маслаҳатларига қулоқ солса, Ўзбекистон учун қанчалик яхши бўлишини гапириб ўтириш ҳам ортиқча.

Ўйлаймизки, Баҳром Ашрафхонов учун ҳам “Бирлик”нинг маслаҳатларига қулоқ солиш фойдали бўлади.

Ҳа, дарвоқе, бунга қадар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси лавозимида Акмал Камалов фаолият юритган ва ўтган йилнинг декабрида бу одам “Ўзпахтасаноатэкспорт” ширкатига раҳбар этиб тайинланганди.

Бутун Интернет оламида ҳам Баҳром Ашрафхоннинг ҳайкалга эмас, одамга ўхшаган расмини тополмадик.