22 February 2016
17:23 - Юсуф Жума: Эврил Турон (Мамадали Маҳмуд) жасорат тимсоли

Агар Мамадали Маҳмуд ёзувчи бўлмаганида ҳам миллатнинг жасоратли фарзанди бўлиб тарихда қоларди. Агар У фақатгина ёзувчи бўлса ҳам жасоратли сўз устаси бўлиб, сўзи миллатга мактаб бўлиб қоларди.

Мир Алишер икки карра шердир (Ҳам Али, ҳам шер - Ҳазрат Алини шер деганлар), Эврил Турон икки карра жасоратли эрдир. Агар улуғ Нобел тирик бўлганда унга мукофотни қўш қўллаб қўш карра топширарди.

Агар Эврил Турон отида мукофот бўлса, келажакда Туроннинг шундай мукофоти бўлади, Нобел бу мукофотни олишни армон қиларди.

Мамадали Маҳмуд телефонда сўз бошларкан ниҳоятда қийналиб нафас олаётгани сезилади, уч карра хуруж қилган юраги қийнайди, ҳаво етишмайди, сўзлар узилиб-узилиб чиқади. Аммо гап Ватан, тарих, эрку ҳақиқатга кўчаркан ўттиз йил бурунги Мамадали овози янграйди. Ўжар ва мағрур, жасур руҳ нафақат дарду оғриқларни ўлимни ҳам тан олмайди. Ўн минг йиллик Тарихдан сўйлайди. Шарафли тарих, уни ўчирганлару инсоният, Ватан, миллат фожеалари - миллат бошига солинган қирғинлар, геносидлар. . . .
Ҳолбуки, дастурхонида нон йўқ. . .

Милёнлаб ўғрини боқаётган юрт
Очдан ўлдиради уч тўрт шоирин.

деб ёзганман йигирма ёшларимда. Наинки милёнлаб ўғрини душманлари Россияни, Хитойни, Ярим дунёни боқаётган Ўзбекистон Мамадали Маҳмуддан бурда нонни қизғанади.

Бугун Ёзувчилар уюшмаси деб аталган - ялоқхўрлар қабристони "даҳо"чаларининг сўзлари не: Яшасинбозлик, орден, медал - темир терсак, вой султоним йўқламай қўйдилар, эл қадримни билмайди, ош, нон, . . . .

Ҳозирги ўзбек шоир ва ёзувчилари дунёқараши - ўз дастурхонию ҳукмдор пойининг остидан иборат.

Нақадар тубанлик!

Ҳозирги ўзбек адабиёт "намоёндаларига" адабиёт ҳақида гапириш ўзбекчани билмаганларга ўзбекча гапиришдай.

Ҳамма замонларда айтиш фарз бўлган, лекин ўлимга олиб борадиган ҳақиқатлар бўлади. Ҳамма жим. Шоиру ёзувчиман деганлар шу ҳақиқатларни айтишлари лозим, аммо ботинмайдилар. Машрабдай, Қодирийдай, Эврил Турондай зотларгина ўлимларини бўйинларига олиб айта оладилар. "Ўлмас қоялар" дан "Бўз бўри"гача шундай жасорат намуналаридир. Ҳар қандай юксак мукофотга лойиқдирлар.

20 феврал, 2016 йил