22 February 2016
02:18 - Жуда қизиқ: Эрон Президенти Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуни қабул қилди, Шойгу почтальонга айландими?
Аслида бу хабарнинг яна ҳам қизиқ жойи бор. Маълумки, 16 февралда Эрон Мудофаа вазири Ҳусайин Деҳқон Москвага келган, россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашишдан ташқари, Россия Президенти тарафидан қабул қилган эди.

Энди Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Россия Мудофаа вазирини қабул қилибди. Кеча кечқурун бу ҳақда эълон қилинган ўрисларнинг қисқа хабарларига кўра, Шойгу раҳбарлигидаги делегация Теҳронга сўнги минтақавий воқеаларни ва ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун келган эмиш. Нима, бир ҳафта олдин Эрон вазири Москвада бўлганда ҳамма масалаларни гаплашишга вақт бўлмаганмидики, учрашувларни Эронда давом эттиришмоқда. Ёки бир ҳафта ичида янги стратегик муаммолар ўртага чиқдими?

Бу воқеалар кўрсатмоқдаки, Россия-Эрон ҳамкорлиги, ҳарбий соҳада ҳам, энг юксак даражага кўтарилмоқда. Россия Яқин Шарқда йўқотиб бўлган мавқесини Эроннинг ёрдамида тиклашга уринаётганини тушуниш мумкин, аммо бечора Путин Ғарбга қарши туришда ҳам Эронга орқа қилмоқчими?

Хабарларда айтилишича, Сергей Шойгу Владимир Путиннинг Сурия масаласи бўйича Эрон Президентига ёзган хатини ҳам олиб келибди. Наҳотки, Сергей Шойгу оддий почтальонга айлантирилган?