19 February 2016
21:42 - Саудия “Ҳизбуллоҳ” туфайли Ливанга ваъда қилинган $4 миллиардлик ёрдамни бермайдиган бўлди
Саудия Арабистонидаги SPA агентлигига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, бу мамлакат Ливанга аввалдан ваъда қилинган 4 миллард долларлик ёрдамни бермайдиган бўлибди. Сабаб сифатида Ливандаги Ҳизбуллоҳ ташкилотига оид ҳарбий кучлар Сурияда Башар Асаад қўшинлари билан бирга мухолифчиларга қарши урушаётгани кўрсатилган. Айнан шу уруш натижасида 300 мингдан ортиқ одам ўлдирилгани ва миллионларча одам ўзи яшайдиган ерлардан қочишга мажбур бўлгани ҳам урғуланган.

Маълумки, Ливандаги сиёсий кучлар ичида шиаларга оидлари кучлироқдар, уларнинг биринчиси – Эрон ва Сурия тарафидан қўллаб-қувватланиб келадиган “Ҳизбуллоҳ”дир. “Ҳизбуллоҳ” ҳам қарзда қолаётгани йўқ. Унинг ҳарбий кучлари сўнги йилларда Сурия қўшинлари билан биргаликда шиаларга яқин бўлган алавитлар оқими қўлидага Башар Асад режимини ҳимоя қилмоқдалар.

Садия Арабистони эса, Яманда ҳам Сурияда ҳам шиаларга қаршидир. Демак, Ливанга ваъда қилинган ёрдамни бермаслик - шиа-суннийлар қарама-қаршилигининг яна бир кўрсатгичидир, холос.

Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча шиа-сунний қарама-қаршилиги битмайди. Чунки, ҳокимят ёки манфаатлар учун курашда мазҳаблар ҳам оддий қуролга айланиб қолган.