19 February 2016
20:17 - Ўрислар Ўзбекистоннинг Украинадан келаётган 12 та юк машинасини ўтказмади
Украинадан юртимизга келаётган, мамлакатимизга тегишли 12 та юк машинасини Россия ўтказмади. Машиналар Россиянинг Саратов вилояти ҳудудида тўхтатиб қолинган. Машиналар ичида саноат маҳсулотлари бор эди. Ўзбекистонга тегишли юклар бундан аввал ҳам ўрислар томонидан тўхтатилиб, асоссиз равишда ортга қайтарилган. Масалан, ўтган йилнинг декабрида Россия Ўзбекистоннинг 29 тонна сабзавотини ортга қайтарганди.

Шунингдек, июнь ойида Россельхознадзор Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонга тегишли жами 205 тонна мева ва сабзавотлар Россияга киритилиши тақиқланганлари мавжудлиги баҳонасида Россия ҳудудига ўтказилмаган. 22 май куни Россиянинг Брянск ва Смоленск областлари Ветеринария ва фитосанитария назорати идораси Украинанинг Винница шаҳридан Ўзбекистонга олиб келинаётган Roshen фабрикаси маҳсулотларини ортга қайтарган. Беларус орқали мамлакатимизга келаётган минг тонна Литва сариёғи ҳам Россия чегарасида ортга қайтарилган. Афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ўрис йўлтўсарларига нисбатан бирор марта расмий норозилик ҳам билдирмади.