19 February 2016
19:55 - Жиззахда ИШИДчиликда гумонланган 4 шахсга ҳукм ўқилди

Бугун жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти суди ИШИДчиликда айбланган 4 нафар шахсни 5 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолади. Улар орасида армани насроний Арамаис Авакян ҳам бор. Исломий жиҳодчиликда айбланган, намозхонлик тугул ислом динида ҳам бўлмаган армани йигитга 7 йиллик қамоқ жазоси берилди.

Судланувчилар Ўзбекистон жиноий қонучилигининг қўпорувчилик, ўғирлик, диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш каби моддалари билан айбланишган. Арманистон Миллий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий комиссияси раиси Элинар Варданян миллий ғурур нуқтаи назаридан Ўзбекистон парламентига Авакяннинг тақдири юзасидан ташвиш билдириб, мурожаат қилган. Бечора ўзбекларнинг тақдири эса ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ.

Шу муносабат билан аввал айтилган фикримизни яна бир бор қайтарамиз. Гап шундаки, Ислом динининг ҳозир қабул қилинган тушунчаларидан келиб чиқсак, бу айбланаётганларнинг ҳеч қандай айби йўқ. ИШИД ҳамма нарсани Ислом тарафидан тан олинган хато тушунчалар доирасида қилмоқда. Шундай экан ҳамма айб - Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси ва ўзини динимизни тушунадиган деб ҳисоблайдиган уламоларда. Улар Қуръоннинг хато тафсиридан келиб чиққан ҳозирги хато тушунчаларни ўзгартириш учун Қуръонни янги тафсирини яратиш устида ишласалар эди, Жиззах вилояти суди тарафидан айбланаётганларни бунақа айблар қилишдан ва катта жазолардан қутқарган бўлардилар.