17 February 2016
18:46 - ЕИ Ўзбекистонни Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлишга чақирди, “Ҳаракат” 20 йил аввал чақирган эди
ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Юрий Штрек матбуот конференциясида Европа Иттифоқининг Ўзбекистонни Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиб кириш жараёнларини тезлаштиришга чақирганини маълум қилди. Ўзбекистон билан Жаҳон Савдо Ташкилотига ўртасида аъзолик юзасидан музокаралар олиб борилаётганига қарамай жараёнларнинг чўзилиб бораётгани ЕИга аъзо айрим мамлакатлар билан иқтисодий алоқаларнинг ривожига тўсиқ бўлмоқда.

ЕИ дипломати Юрий Штрек ташкилотга аъзо бўлиши учун Ўзбекистон ҳукумати зарур бўлган тайёргарлик ишларини амалга ошириши шарт эканини, бунинг учун эса Тошкент расмийлари сиёсий иродасини намойиш этиши зарурлигини таъкидлаган.

“Ҳаракат” журнали Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш учун ҳаракатлар бошлаши кераклигини ўтган асрнинг охирги йиллари бир неча марта ёзар экан, бунинг учун аввалабор Ўзбекистон ҳуқуқий давлатга айланиши шартлигини урғулаган эди. Ҳозир Ўзбекистон ЖСТнинг талабларига жавоб бермаслигини ҳар қандай ақли роса одам тушунса керак. Чунки, Ўзбекистон ҳуқуқий давлат эмас, Ислом Карим уйқусидан қайси оёғи билан турса, шунга қараб иш олиб бориладиган давлатсифат бир нарса.